Жаҳон | 07:59 / 06.03.2023
9757
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Донбассдаги жанглар - «оғриқли ва оғир»

Донецк ва Луҳанск вилоятларида энг оғир жанглардан бири давом этмоқда, деб маълум қилди Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида. 

Фото: president.gov.ua

«Бугун Донбассда жанг қилаётган аскарларнинг жасорати, кучи ва мослашувчанлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Энг оғир жанглардан бири. Оғриқли ва қийин», - деди Зеленский «ҳужумларни қайтарган, босқинчини йўқ қилган, душман позициялари ва логистикасини портлатиб юбориб, чегараларимиз ва шаҳарларимизни ҳимоя қилган» украиналик ҳарбийларга миннатдорчилик билдириб. 

«Мен Бахмут, Вуҳледар, Авдеевка, Северск, Сватов, Лиман ва Запорижжя йўналишларида давлатимизни ҳимоя қилаётган барча армия вакиллари, қўриқчилар, чегарачиларга миннатдорчилик билдираман», - дея қўшимча қилди у.

Украина давлати раҳбарининг қайд этишича, Россия ва Россиянинг Украинага агрессиясида иштирок этган барча шахслар жазоланиши керак. 

«Биз қадамма-қадам террористик давлатнинг мамлакатимизга, халқимизга қарши содир этилган жиноятлар учун тўлиқ жавобгарлигини таъминлашга интиламиз. Барча рус қотиллари, бу тажовузнинг ҳар бир ташкилотчиси, бизнинг давлатимизга қарши урушни ҳар қандай тарзда таъминлайдиган ҳар бир киши жазоланиши керак», деди Зеленский ва «бу шунчаки адолат ҳақида орзу эмас» деди. 

«Бу - аллақачон олиб борилаётган ишлар. Бу - биз эришаётган келишувлар. Булар - аллақачон ишлаётган институтлар ва адолатни тиклаш учун янада фаолроқ ишлайди», деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, «дунё Россияни уруш учун жазолашда етарли даражада кучли». 

«Биз эса жазони амалга ошириш учун дунёга етарлича жасорат ва етарли воситаларни берамиз», деди президент. У «тегишли янграши ва амалга оширилиши учун ҳуқуқий ҳамкорлик тармоғини яратишда ёрдам берган» Украина шерикларига миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид