6-7 март кунлари Тошкентдаги Турон кутубхонасида “Жадидларнинг маърифий фаолияти: ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва Туркистон тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.
Конференцияда АҚШ, Туркия, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон, Швеция ва Германия каби мамлакатларнинг нуфузли жадидшунос олимлари турли маърузалар билан иштирок этяпти.
Kun.uz мухбири Бухоронинг сўнгги амири – манғит ўзбеклари сулоласидан бўлмиш Амир Олимхоннинг тадбирга меҳмон сифатида таклиф этилган, ҳозирда Туркияда яшовчи набираси Бинафша Ҳатунўғли ва унинг турмуш ўртоғи Нуреттин Ҳатунўғлидан интервю олди.

— 1920 йилда қизил армия мамлакатни эгаллаб олгач, Саид Амир Олимхон дастлаб мамлакат шарқига, кейинчалик Афғонистонга чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бундан кейинги ҳаёти қандай кечган? Билганларингизни гапириб берсангиз.
Нуреттин Ҳатунўғли:
— Афғонистонга кетганда ўз хотиротлари бор, «Бухоронинг ҳасратли тарихи» номи остида нашр қилинди Ўзбекистонда. Ўзининг шахсий ёзиқлари бўлгани учун объектив билиб бўлмайди ҳамма нарсани, баъзи фактларни билиш мумкин. Айтишича, Амир Олимхон Афғонистонга ёрдам олиш учун кетган. Қайтиш нияти бор-йўқлиги аниқ эмас. Қобулдаги Қалъаи Фатуда яшашга мажбур бўлган, ҳатто Ҳажга бориш учун ҳам рухсат бермаган Афғонистон ҳукумати. 1944 йилда Афғонистонда вафот этган. Унинг фарзандлари Қалъаи Фатудан Афғонистоннинг бошқа жойларига тарқалиб кетган. Жанубий минтақаларида янги ерлар тузилиб, обод қилинган ва бир қисми ўша ерга кетган, яшашга мажбур қилинган. Менинг оталарим ҳам шундай яшаган.
— Айтилишича, Афғонистонга чиқиб кетаётганда Амир Олимхоннинг 3 фарзанди бўлган. Айрим фарзандлари СССРда қолган, жумладан, Шоҳмурод Олимов, у ҳарбий хизматда бўлиб, катта лавозимларга ҳам кўтарилган. Кейинчалик бу кишилар Шоҳмурод Олимовлар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилдими, нима бўлди тарихи?
— Ҳеч бир алоқалари йўқ. Амир Олимхоннинг қолган авлодларининг ҳаммаси Афғонистонда дунёга келган. Бухородаги 3 ўғлини олиб кетолмаган, улар билан ҳеч қандай алоқалар қолмаган. Совет пайтида Ўзбекистон ҳеч қайси ташқи мамлакатлар билан алоқаси бўлмаган. Менинг оталарим ҳам алоқани узган, асли андижонликмиз биз.














