Аслида, газ, электр ва тоза сув халқ бойлиги ҳисобланади. Аҳоли истеъмоли учун уларга белгиланган тарифлар ҳам жуда паст. Нархлар давлат томонидан субсидияланади. Сўнгги пайтларда газ ва электр учун ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди, ичимлик суви учун ҳам шундай замонавий ҳисоблагичлар жорий этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аҳоли ўртасида тўлов интизоми бирмунча ошди.
Аммо хусусий бизнес ва тадбиркорларни бунга кўниктириш қийин бўляпти. Турли корхоналар сув, газ, электрни ўғринча (демакки, хўжасизларча) ишлатиб, давлат бюджетига катта зарар етказиш билан бирга, бу неъматларнинг тақчиллигига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Улар бу қилмишини амалга оширишда асосан энергия ресурслари ва сувдан ҳисоблагичсиз фойдаланиб ёки тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб ёки ҳисоблагич пломбасини бузган ҳолда кўрсаткичларини ўзгартириб, катта миқдорда зарар етказишади.
Энг қизиғи, бу оддий ҳолга айланиб қолган. Бу ишга қўл урганлар қилмиши жиноят экани, ўғрилик эканини заррача ҳис қилмайди. «Қўлга тушмадимми — ўғри эмасман», деб ўйлашади, «мабодо қўлга тушсам, «гаплашиб» ишни ҳал қиламан», дея хомтама бўлишади.
Ўмаришлар ортида нима турибди?
Албатта, катта пул, манфаат турибди. Токи таъминот хусусий қўлларга ўтмас, давлат ихтиёрида қолаверар экан, соҳада ўғриликлар ҳеч қачон тугамайди.
Энг алам қиладигани, электр тармоқлари ва газ таъминоти корхоналаридаги коррупциянинг ўзи ҳам мана шундай ўғриликлар авж олишига сабаб бўлмоқда ва шароит яратмоқда.
Чунки «ўғрилик» деганда улар ҳам бировнинг уйига тунда девор ошиб ўтиб тунаш ёки кимнингдир чўнтагини қирқишдек машаққат талаб қиладиган ишни тушунишади. Аслида, иссиқ кабинетдаги креслода ўтириб, беминнат оқиб ётган ток ва газдан ноқонуний фойдаланишга шароит яратиш ҳам ўғриликка шерик бўлишнинг баайни ўзгинаси.
Лекин бизда бундай ўғрилар ҳамиша ардоқда. Одамлар уларга ҳаттоки «ишнинг кўзини биладиган батадбир инсонлар» сифатида ҳавас қилишади.
Айниқса, метан шохобчалари, турли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи цехлар, иссиқхоналар бу борада етакчи.
Жазосизлик
Ўзим шахсан гувоҳ бўлган воқеадан мисол келтираман: туманлардан бирида газ идораси раҳбари бўлиб ишлаган инсон бир неча йил аввал (эски даврда) талон-торожликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 1,5–2 йилда жазони ўтаб озодликка чиқиб келгач, у яна туман газ идорасига — аввал қуйироқ лавозимга қайтди. Кейин секин-аста яна раҳбарлик лавозимига ўтирди. Яқинда отасидан қолган чолдеворни бузиб, дабдабали уй қурди. Нима деб ўйлайсиз, у қайси даромадлари эвазига бу қурилишни қилган?
















