Жаҳон | 14:10 / 07.03.2023
15166
3 дақиқада ўқилади

НАТОдаги манба: Россиянинг Бахмутдаги йўқотишлари Украинаникидан беш баробар кўп

Фото: Getty Images

НАТО разведкаси маълумотларига кўра, Россия қўшини Донецк областидаги Бахмут шаҳри учун жангларда Украинага қараганда беш баробар кўп ҳарбийларидан айрилмоқда. Бу ҳақда CNN мухбирига Шимолий Атлантика альянси ҳарбий мулозимларидан бири шахси сир қолиши шарти билан маълумот берган.

Телеканал манбаси икки томон йўқотишлари тўғрисида аниқ маълумотларни келтирмаган. Шу билан бирга, у беш баравар фарққа қарамай, Украинанинг Бахмут мудофааси давомидаги йўқотишлари жиддий эканини таъкидлаган. Январ ойида Der Spiegel немис разведкасига асосланган ҳолда, Украина армияси ҳар куни шаҳар учун жангларда уч хонали сонда ифодаланадиган миқдорда аскар йўқотаётганини хабар қилганди.

CNN Украинадаги мулозимлар бир неча бор Бахмут учун жанглар вақтида Украина томони Россия томонига жиддий зарар етказаётганини айтганига эътибор қаратган. Телеканал Украина қуролли кучлари қўмондони Олександр Сирскийнинг 5 март куни Бахмутни мудофаа қилаётган қисмга ташрифи чоғида фронтнинг бу участкасида Украина қуролли кучлари «рақибнинг ҳужум салоҳиятини пасайтиргани» тўғрисидаги сўзларига эътибор қаратган.

Украина президенти Володимир Зеленский урушнинг 376-куни якунлари бўйича йўллаган видеомурожаатида Бахмут мудофаасини давом эттириш қарорини изоҳларкан, шаҳар «бутун уруш давомидаги энг катта натижалардан бирини бераётгани»ни айтди.

  • Бахмут учун оғир жанглар 2022 йил июлидан буён давом этмоқда. Бу йўналишда Россия томонида асосий куч сифатида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бўлмоқда, унинг сафларида собиқ маҳбуслар ҳам жанг қилмоқда. 2023 йил март ойи бошида ҳарбий компания раҳбари Евгений Пригожин Бахмут «амалда қуршаб олингани»ни айтган ва Украина армиясига шаҳарни тарк этишни таклиф қилганди.
  • Володимир Зеленский Украина учун Бахмутни мудофаа қилиш муҳимлиги, аммо бу ҳар қандай қурбонлик эвазига бўлмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари фронтнинг бу участкасида «бу мантиққа тўғри келадиган» вақтга қадар жанг қилади. Украина президентининг атрофидагилар украин армияси Бахмутдан «стратегик чекиниши» мумкинлигини истисно этмаган. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти экспертлари март ойи бошида Украина қуролли кучлари Бахмутнинг айрим ҳудудларидан қўшинларни олиб чиқишга тайёрланаётгани ва кўприкларни портлатаётганини айтганди.
  • 6 март куни интернетда Украина ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти Бахмут мудофаасини давом эттириш бўйича якдил фикрга эга эмаслиги ҳақида хабар тарқалди, аммо шу куннинг ўзида Украина президенти офиси мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ҳам Бахмут учун жангларни давом эттириш тарафдори экани ҳақида баёнот берди. Бунгача немис таблоиди Bild манбаси бир неча ҳафта олдин Залужний тактик сабабларга кўра Бахмутни тарк этиш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилганини хабар қилганди.

Мавзуга оид