Халқаро конгресс марказида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти маросимда нутқ сўзлади.

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!

Мунис опа-сингиллар!

Дилбар қизларим!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Биз бу қутлуғ байрамни доимо орзиқиб, катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу шукуҳли айём юртимизга яшариш ва янгиланиш фаслини – фасли навбаҳорни бошлаб келади. Бу байрам дилимиздаги сиз, азизларга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни, меҳру муҳаббатимизни яна бир бор ифода этишга имкон беради.

Бугун ҳар биримиз чексиз миннатдорлик ҳисси билан Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган аёл зотига – меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимиз шаънига энг гўзал сўзларни айтишимиз табиийдир.

Биз сизларни энг аввало фидойилик тимсоли деб биламиз. Меҳридарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр қарздормиз.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз.

Қадрли опа-сингиллар!

Биз эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ мамлакатни барпо этишда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини албатта юксак қадрлаймиз.

Шу борада фақат айрим рақамларни келтириб ўтишга рухсат бергайсиз.

Ҳозирги вақтда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган ҳурматли аёлларимизнинг улуши тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда.

Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан – 37 фоизга етди.

Билимли, ташаббускор ва фаол аёлларимиздан 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлар эканини таъкидлаш лозим.