Дам олиш кунлари Хитойда анъанавий «икки» сессия очилди. Булар бир пайтда бошланувчи, аммо қўшма бўлмаган Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши съезди ва Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши қурултойидир. Ушбу йиғинларда аллақачон ҳарбий харажатларни ошириш ва нисбатан паст кўрсаткичлар кўзланган иқтисодий режа эълон қилинди. Энди эса муҳим расмиятчилик ўтказилади — Си Жинпинг давлат раҳбари сифатида тасдиқланади.
Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши (ХХСМК) маслаҳат органи, Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши (БХВЙ) эса қонун чиқарувчи орган ҳисобланади. БХВЙ шунчаки партия ва ҳукуматнинг қонунчилик ташаббусларини тасдиқловчи тузилма бўлса-да, аслида у соф номинал парламентдир.
ХХСМК сессияси 4 март куни, БХВЙ сессияси эса 5 март куни бошланди. Ҳар икки съезд тахминан икки ҳафта давом этиши кутилмоқда.
Ҳокимиятни мустаҳкамлаш

Си Жинпинг 2022 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган партия қурултойида Хитой Коммунистик партияси (ХКП) бош котиби ва ҳарбий комиссия раиси этиб учинчи беш йиллик муддатга сайланганидан бери биринчи марта БХВЙ сессияси ўтказилмоқда.
Си Жинпингнинг учинчи марта сайланиши узоқ йиллардан бери давом этаётган ҳеч бир партия ёки давлат раҳбари икки муддатдан ортиқ ишламаслиги анъанасига барҳам берди. 2018 йилги БХВЙ йиғилишида қонунчилар президентлик муддати чекловини бекор қилишни маъқуллашди, бу эса Си Жинпингга ҳокимиятда умрбод қолиш имкониятини берди.
Бу сафар халқ вакиллари Си Жинпингни президент сифатида тасдиқлайди ва шу тариқа унинг мамлакат устидан назоратини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, президент тарафдорлари орасидан янги бош вазир, молия сектори ва марказий банк раҳбарлари ҳам тайинланиши кутилмоқда.
Хитой раҳбарининг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлмиш Ли Цян янги бош вазир бўлиши деярли аниқ. У ХКПнинг Шанҳай шуъбаси котиби бўлган. Цян бу ерда 2022 йил ноябр ойида мисли кўрилмаган норозилик ҳаракатларини келтириб чиқарган пандемия пайтидаги карантин қоидаларини назорат қилган.
Австралия Миллий университетининг Хитой сиёсати бўйича эксперти Вен-ти Сун фикрича, ҳозир Хитой конституциясига янги ўзгартиришлар киритадиган янги сиёсий давр бошланмоқда.



















