Сийқаси чиқиб кетган, ростлигига шу гапларни ўйлаб топганларнинг ўзи ҳам ишонмайдиган қуйидаги жумлалар билан бошланади асар:

“... Ҳар куни Сталиннинг мана бу гапи «Правда», «Известия», «Комсомольская правда» газеталарида босилади: «СССР – эрксевар мамлакат. Дунёда унга тенг келадиган давлат ҳам, куч ҳам йўқ. Биз бунга биринчи галда Компартиямизнинг доно сиёсати ва улуғ рус халқининг етакчилигида эришдик. СССРда барча эл, элат тенг, тинч-тотув, тўкис яшаяпти. Бу дўстликни дунёда ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бузолмайди. Дўстлигимиз абадий!”

Ва яна бот-бот радиоларда, газеталарда Америка, Европа давлатлари ҳақида ирқчилик, миллатчилик авж олгани, улар СССРни кўролмаётгани ҳақида “заказ” материаллар бериб борилгани қўшимча қилинади.

Асар ёзувчи тилидан баён этилади. Воқеалар муаллифнинг болалигидаги кўрган ва узоқ вақт айтолмаган дардларидир. Асар геолог Ҳабиб Абдуллаевнинг (метронинг ҳозирги “Шаҳристон” бекати шу олим номида аталарди) шогирди Ойнурга шогирд тушиб, у билан бошидан ўтқазган оғир кунлари ҳақида сўзлайди.

Ёзувчининг онаси узоқни кўра олган, дунёқараши кенг аёл бўлгани боис, ўғлига бот-бот уқтирарди: “Бобонг Аҳмад Оқсоқол элни дегани учун, ҳақни дегани учун дорга остирилган. Тилингга эҳтиёт бўл. Ҳозир одам ортидан одам қўйилган замон. Бутун кучишлатар ташкилотлари, ОАВ Сталиннинг яроғи. Сталин шулар билан тирик. Лекин бутун эллар зада, дунё зада ундан”.

Воқеалар Боғдан қишлоғи, Учқулоч, Жиззахнинг Фориш ҳудудлари, Қизилқум маконларида бўлиб ўтади. Ойнур ёш Эврил (ёзувчи)нинг иқтидори борлигини сезади. Унга ўша даврнинг ноҳақликлари, Қодирий, Чўлпонларнинг отилишига нима сабаб бўлгани, туркий халқларнинг нега парчаланиб кетиши ҳақида тушунчалар бериб, “сен бир куни бу ҳақиқатларни китоб қилиб ёзишинг керак. Одамлар ҳақиқатни билиши керак”, дея фикр бериб боради.

Ёзувчи Ойнур тилидан унинг бобоси Эрхон ботир ҳақидаги ривоятни ҳам асарга киритади.Унда Эрхон ботирнинг Туркистонни сақлаб қолиш йўлидаги жасорати, ҳатто Веренскийга қарши жанг қилиб, уни енгиб ерларни қайтиб олиши, шунингдек, Черняев лашкарларини яксон қилиши баён этилади. Эрхон ботир Қўқон хони ва бошқа хонликлардан бирлашишни истаб, бир неча бора илтимос қилишлари бекор кетгани, оз сонли қўшин билан Тошкентда 1865 йилда рус босқинчиларига қарши курашда ҳалок бўлиши воқеалари Ойнур томонидан Эврилга айтилган ҳикоя орқали киритилади. Бундан кўринадики, хонликлар парчаланишидан, мамлакат мустақилликка эришгунга қадар бўлган давр воқеалари муаллиф қалбига ҳамиша изтироб солиб келган. У бу воқеаларни “айтиш мумкин бўлган давр” келишини кутиб яшаган ва бугун шу асар бизнинг қўлимизда.