Жаҳон | 08:11 / 15.03.2023
8983
2 дақиқада ўқилади

Алиев: Озарбойжон - Европага энергия етказиб берувчи ишончли давлат

Озарбойжон Европага нафақат газ, балки «яшил» энергия ҳам экспорт қилади, деди президент Илҳом Алиев Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашувдан кейин.

Фото: AP

Озарбойжон ўзини Германия ва Европага газ ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари етказиб берувчиси сифатида таклиф этяпти. «Озарбойжон - Европа учун ишончли ҳамкор», деди президент Илҳом Алиев 14 март, сешанба куни Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашувдан сўнг.

Алиевнинг сўзларига кўра, Европага етказиб бериладиган газ ҳажми 2027 йилга бориб бу йилги 12 миллиард куб метрдан 20 миллиард куб метрга кўтарилади. Бундан ташқари, Озарбойжон қайта тикланадиган энергия манбаларининг жуда катта салоҳиятига эга. Фақат Каспий денгизининг шамол энергияси салоҳияти 157 гигаваттни ташкил этади, деди Илҳом Алиев. У ўз мамлакати Европани нафақат табиий газ, балки «яшил» энергия билан ҳам таъминлашига ишонч билдирди.

Олаф Шольц, ўз навбатида, Озарбойжон билан энергетика соҳасида янада фаол ҳамкорлик қилишга чақирди. «Мамлакат Германия ва Европа энергия таъминотини диверсификация қилишга муҳим ҳисса қўшиш имкониятига эга», деди канцлер нефть ва газ захиралари билан бир қаторда, қайта тикланадиган энергия манбаларига тўхталиб.

Россиянинг Украинага ҳарбий босқинидан сўнг Европанинг камида ўнта давлати Озарбойжондан газ етказиб беришга қизиқиш билдирган, дейди Алиев. Ҳозиргача асосий харидорлар Туркия, Гуржистон, Италия ва Греция бўлган. Тез орада газ Руминия, Албания ва Венгрияга ҳам етказиб берилиши кутилмоқда. «Албатта, узоқ муддатли шартномалар имзоланиши керак», — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид