Ўзбекистон ёшлар жамоаси мамлакатимиз мезбонлигида ўтаётган Осиё кубоги U20 турнирида асосий мақсадига эришиб, ЖЧ-2023га йўлланма олди. Энди Равшан Ҳайдаров шогирдлари олдида вазифани ортиғи билан бажариб, тарихни янгилаш имконияти бор. Ўзбекистон U20 жамоаси яримфинал доирасида трансфер баҳоси бўйича ўзидан қимматроқ бўлган Жанубий Кореяга қарши саф тортади.

Яримфиналга ким қандай етиб келди?

Равшан Ҳайдаров шогирдлари яримфиналга қадар дастлаб гуруҳда Сурия, Ироқни мағлуб этиб, Индонезия билан дуранг қайд этишди. Чоракфиналда эса Австралия пенальтилар сериясида мағлуб этилиб, ЖЧ-2023 йўлланмаси қўлга киритилди.

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон U20 натижалари:

1-тур. Ўзбекистон – Сурия – 2:0

2-тур. Ўзбекистон – Ироқ – 1:0

3-тур. Ўзбекистон – Индонезия – 0:0

1/4 финал. Ўзбекистон – Австралия – 1:1 (пенальти – 5:4)

1/2 финал. Ўзбекистон – Жанубий Корея

Жанубий Корея ёшлар жамоаси эса Ўзбекистон сингари гуруҳ баҳсларида умуман гол ўтказмаган иккинчи жамоа бўлди. Улар Уммон ва Иорданияни мағлуб этиб, Тожикистон билан муроса кўчасини танлади. Чоракфиналда эса Хитой устидан иродали ғалабага эришиб, жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди.

Фото: ASIAN CUP

Жанубий Корея U20 натижалари:

1-тур. Жанубий Корея – Уммон – 4:0

2-тур. Жанубий Корея – Иордания – 2:0

3-тур. Жанубий Корея – Тожикистон – 0:0

1/4 финал. Жанубий Корея – Хитой – 3:1

1/2 финал. Ўзбекистон – Жанубий Корея.

Финалга чиқиш учун 5-уриниш

Ўзбекистон ёшлар жамоаси ўз тарихида 5-маротаба Осиё кубоги яримфиналида ўйнамоқда. Бунгача фақат 2008 йилда Аҳмад Убайдуллаев мураббийлигидаги U19 жамоаси яримфинал тўсиғидан ўтиб, финалда Аҳмад Халилнинг дубли эвазига БААга мағлубиятга (1:2) учраган эди.