Гуржистон пойтахтида 14 март, сешанба куни кремлпараст Alt-Info гуруҳи ва унинг сиёсий қаноти - «Консерватив ҳаракат» аъзолари ва тарафдорлари норозилик намойиши ўтказди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Тбилиси марказидан ўтган юришда бир неча минг киши иштирок этган.

Гуржистон байроқлари кўтарилган, Ғарбга қарши шиорлар айтилган колонна Руставели шоҳкўчаси бўйлаб парламентга йўл олди ва у ерда бино олдида кўтарилган Европа Иттифоқи байроғини юлиб олди,  кейин уни оёқ ости қилиб, ёқиб юборди. Акция намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар билан кечган. Акциядан сўнг Гуржистон полицияси парламент биноси олдида яна Европа Иттифоқи байроғини осиб қўйди.

Иштирокчилар Гуржистонга Ғарб таъсирининг кенгайиши ва Россия билан алоқалар ўрнатилишига қарши чиқишди. Шунингдек, улар мамлакатда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилишини ва 7-9 мартдаги намойишларнинг барча иштирокчилари жазоланишини талаб қилишди.

Бундан ташқари, радикаллар 2021 йил 5 июль куни Тбилисида тартибсизликлар уюштирган Alt-Info ҳаракатига аъзоларни озод қилиш талаби билан чиқди.

Гуржистон Ички ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи байроғини таҳқирлаш факти бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини қўзғатди. Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, барча ҳуқуқбузарлар аниқланиб, жаримага тортилади.

Давлат муассасалари биноларига осилган Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва Гуржистон дипломатик алоқада бўлган мамлакатлар байроқларига етказилган зарар учун 1000 лари (тахминан 400 доллар) миқдорида жарима белгиланган. Такрорий ҳуқуқбузарлик учун - 2000 лари миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ.

Гуржистон парламенти спикери Шалва Папуашвили намойишчиларнинг ҳаракатларини қоралаб, мамлакатда Европа Иттифоқи байроғини таҳқирлаш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилганини эслатиб ўтди. «Биз радикализм радикализмни келтириб чиқараётганини кўриб турибмиз. Бундай ҳаракатларни ким содир этишидан қатъи назар, қабул қилиб бўлмайди», - деди Папуашвили.

Радикалларнинг хатти-ҳаракатлари «Халқ кучи» ҳаракати етакчиси, «Чет элдан таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ташаббускори Дмитрий Хундадзе томонидан ҳам танқид қилинди. Кремлпараст кучлар ҳужжат қабул қилинишини қўллаб-қувватламоқда.