Expat Essentials Index рейтингига кўра, 2022 йилда хорижга кўчиб ўтганлар учун энг яхши 3 та йўналиш — Валенсия (Испания), Дубай (БАА) ва Мехико (Мексика) шаҳарлари бўлди.
Валенсия муҳожирларга ажойиб ҳаёт сифатини таклиф этади. Муҳожирлар жамоат транспортини ҳамёнбоп деб таърифлайди ва спорт билан шуғулланиш учун катта имкониятлардан фойдаланади. Шунингдек, хорижликларнинг 92 фоизи Валенсияда ўзини хавфсиз ҳис қилади. Шаҳар яхши натижаларни кўрсатган бўлса-да, чет элда ишлаш индекси унинг энг заиф жойидир. У карьера истиқболлари бўйича охирги ўринларни эгаллайди. Хорижликларнинг 50 фоизи маҳаллий меҳнат бозорини салбий баҳолайди.
Дубайда хорижликлар маъмурий масалаларни осонликча ҳал қилади. Бу шаҳар иш ва дам олиш учун жуда қулай жой. Муҳожирларнинг хабар беришича, маҳаллий ҳокимият идоралари билан ишлаш осон ва кўплаб давлат хизматлари онлайн тақдим этилади. Деярли барча муҳожирлар автомобилларга қулай инфратузилма яратилганидан мамнун. Улар маданият ва тунги ҳаётни, шунингдек, ошхона хилма-хиллиги ва ресторанларни юқори баҳолайди. Муҳожирлар меҳнат шароитларидан қониқиш ҳосил қилади ва маҳаллий бизнес маданияти ижодкорликни рағбатлантираётганини қайд қилади.
Мехикода жойлашиб олиш бошқа жойга қараганда анча осон. Муҳожирлар у ерда ўзини уйдагидек ҳис қилади ва маҳаллий аҳолини одатда дўстона деб билади. Муҳожирлар бу шаҳарда молиявий аҳволидан энг кўп қониқиш ҳосил қилади. Шунингдек, хорижликлар шахсий карьера имкониятларидан ва умуман иш жойларидан мамнун. Аммо Мехико ҳаёт сифати бўйича ёмон кўрсаткичларга эга. Муҳожирлар, айниқса, атроф-муҳит ва иқлим, хавфсизлик масалаларидан норози.
Муҳожирлар учун дунёдаги энг яхши 10 та шаҳар:
1. Валенсия (Испания)
2. Дубай (БАА)
3. Мехико (Мексика)
4. Лиссабон (Португалия)
5. Мадрид (Испания)
6. Бангкок (Таиланд)
7. Базел (Швейцария)
8. Мелбурн (Австралия)
9. Абу Даби (БАА)
10. Сингапур (Сингапур)















