MQ-9 Reaper / Reuters

14 март куни АҚШ ҳарбийлари Қора денгиз осмонининг батараф қисмида MQ-9 Reaper разведкачи дрони россияликларнинг Су-27 қирувчиси билан тўқнашув оқибатида сувга қулаганини маълум қилганди. Россия мудофаа вазирлиги тўқнашув фактини инкор этган ва дрон транспондёрини ўчирган ҳолда аннексия қилинган Қрим томон учганини маълум қилганди.

Чоршанба куни Қора денгиз устидаги ҳодиса муносабати билан Америка ва Россия ҳарбий идораларининг юқори мартабали вакиллари ўртасида икки бор телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Музокаралар икки мамлакат мудофаа вазирлари Ллойд Остин ва Сергей Шойгу, шунингдек штаб бошлиқлари Марк Милли ва Валерий Герасимов ўртасида ўтказилган.

Россия мудофаа вазирлиги Шойгу ва Остин Қора денгиз устида рўй берган ҳодисани муҳокама қилгани ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, ТАСС нашри ёзишича, россиялик вазир бу ҳодиса РФ томонидан «махсус амалиёт» муносабати билан эълон қилинган парвозларни чеклаш ҳудудига риоя этилмагани, шунингдек, Россия манфаатларига қарши разведка фаолияти кучайтирилгани туфайли рўй берганини айтган. Шойгу АҚШ дронларининг Қрим соҳиллари яқинидаги парвозлари «провокация хусусиятига эга бўлиб, вазият кескинлашуви учун шароит яратиши»ни таъкидлаган.

Остин, ўзининг версиясига кўра, Шойгуга «АҚШ халқаро ҳуқуқ рухсат берадиган барча жойда парвоз қилишда ва ишлашда давом этиши, ўз ҳарбий самолётларини профессионал ва хавфсиз бошқариш эса - Россия зиммасидалиги»ни айтган (иқтибос Reuters агентлигиники).

Давлат департаменти расмийси Нед Прайс эса АҚШ бошқа мамлакатлар қатори Қрим Россия томонидан ноқонуний равишда аннексия қилинган деб билиши ва бу ҳудуд Украинаники деб тан олишини эслатиб ўтди.

Дрон парчаларини чиқариб олиш мумкинми?

Бу вақтда эса РФ ҳарбийлари MQ-9 Reaper қолдиқларини Қора денгиз тубидан чиқариб олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Россия давлат телевидениесига берган интервюсида айтиб ўтган.

«Мен биз бунга эриша оламизми, йўқми, билмайман. Аммо буни қилиш керак ва бу билан албатта шуғулланамиз. Умид қиламанки, муваффақиятга эришамиз», деган Патрушев.

Аввалроқ россиялик ҳарбийлашган телеграм-каналларда қандайдир одамлар рус тилида қулаган дрон қолдиқларини қандай қилиб чиқариб олиш ҳақида гаплашаётгани аудиосини тарқатишди. Хусусан, «ички ёнув двигатели корпуси»ни чиқариб олишга муваффақ бўлингани ҳақида гап кетади. Бу маълумотлар расмий тасдиғини топмади.