Тадбирни СамДТУ ректори, профессор Жасур Ризаев очиб берди. 

– Ушбу форумни ўтказишдан мақсад, тиббиётнинг фундаментал ва амалий фанлари бўйича талабаларнинг билим даражасини ошириш, назарий билимларни амалиётда қўллаш, тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларини жаҳон ва миллий тиббиёт меросига жалб қилишдир. Мазкур форум университетимиз талабалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда СамДТУ Union ассоциациясининг кўмаги ва бевосита иштироки билан ташкил қилинди, – деди Ж.Ризаев.

Форум доирасида «Миллий либослар» кўргазмаси, «Талабалар ҳаёти тўғрисида видеоролик», «Талабалар лойиҳалари танлови» жамоавий, «Start-up лойиҳа», «Илмий инновацион лойиҳалар», «Заковат» интеллектуал ўйини ва спорт мусобақаларидан «Бадминтон», «Стол тенниси» ҳамда «Волейбол» каби йўналишларда талабалар беллашди. Форумнинг иккинчи кунида соҳанинг етакчи мутахассисларидан маърузалар эшитилди.

Талабалар ўзлари таҳсил олаётган олий ўқув юртларида амалга оширилаётган лойиҳалар, илмий изланишлар, ишланмаларини кенг жамоатчилик олдида тақдимот қилдилар. Форум талаба-ёшлар ўз қобилиятини юзага чиқаришлари учун ҳақиқий фойдали майдон бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.

Форумда Самарқанд давлат тиббиёт университети, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Европа тиббиёт университети, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали ва Самарқанд вилоятида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари фаол иштирок этаётгани мазкур тадбирнинг нуфузини оширишига хизмат қилди.