2022 йил 24 феврал куни Россия армияси Украинага бостириб кирди ва қисқа муддатда мамлакатнинг анча қисмини босиб олди. Рус ҳарбийлари Украинадаги кўплаб шаҳарларни вайрон қилишди. Инфратузилмани издан чиқаришди. Сув омборлари, АЭСлар хавф остида қолди.

Бундан ташқари, Россия армияси Украина фахри бўлган, дунёдаги энг йирик транспорт самолёти сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган самолётга шикаст етказишди.

Рус ҳарбийлари Киев вилоятидаги Гостомел шаҳридаги ангарда турган Ан-225 «Мрия» самолётини яроқсиз ҳолга келтиришди.

Фото: techinsider.ru

Ан-225 «Мрия» тарихи

1980-йиллар бошида СССР министрлар совети рекорд даражада юк кўтариш қувватига эга бўлган оғир транспорт самолётини ясаш ҳақида қарор чиқаради.

Қарорга кўра таниқли авиаконструктор Виктор Толмачев янги самолётни ясаб чиқишга масъул этиб тайинланади. Самолётга Ан-225 «Мрия» номи берилади ва уни Киевдаги Антонов номидаги механика заводида йиғиш белгиланади.

Муҳим лойиҳага Толмачевнинг раҳбар этиб тайинланиши бежизга эмасди. У бироз аввал Ан-124 «Руслан» деб номланган оғир юк кўтарувчи транспорт самолётини ясаб чиққанди. Ан-124 ҳам Киевдаги заводда йиғилаётганди.

1985 йилда КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюросида Ан-225 «Мрия»ни ясаб чиқишни тезлаштириш ҳақида қарор қабул қилади.

Гигант самолётни ясаш жуда кўп эҳтиёт қисмлар талаб қиларди. Шу сабабли Ан-225га керак бўладиган асосий эҳтиёт қисмларни Антонов заводи билан бирга СССРдаги бошқа авиация бирлашмаларида ишлаб чиқариш кўзда тутилганди. Бу учун авиация заводлари кооперацияга бирлаштирилади.

Кооперация таркибида Тошкент авиация заводи ҳам бор эди ва бу ерда Ан-225 учун қанотлар ва бошқа эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Бир неча йиллик меҳнатдан сўнг ниҳоят 1988 йил декабр ойида самолёт тайёр бўлади. Унинг илк синов парвози ўша йили 21 декабрда амалга оширилади. Бир ярим соат давом этган парвозда Ан-225 да жиддий камчиликлар кўринмайди ва у синовдан ижобий ўтади.