Oxford университети академиклари тадқиқотига кўра, 2018йилги маълумотлардан келиб чиқилса, Facebook’да саҳифасига эга фойдаланувчиларнинг 1,4 миллиарди 2100 йилгача вафот этган бўлади. Аммо агарда ушбу тармоқ ҳозиргидек ўсишда давом этса, аср сўнгига бориб вафот этган фойдаланувчилар сони 4,9 миллиардга етиши мумкин. Осиё ва Африка яқин йилларда Facebook’да энг кўп вафот этган фойдаланувчиларга эга бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам дунёдаги каби рақамлашув тенденцияси тез давом этяпти. Йилдан йилга ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони кўпайяпти.
2022 йилги статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўрсаткичи қуйидагича:
- Telegram’дан 18 миллион,
- “Одноклассники”дан 16,7 миллион,
- Facebook’дан 4,7 миллион,
- Instagram’дан 3,7 миллион,
- “ВКонтакте”дан 2,6 миллион,
- Linkedinʼдан 288 минг,
- Twitter’дан 51,6 минг нафар киши фойдаланади.
Хўш, биз дунёда ўтсак, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга нима бўлади?
Facebook бир нечта профилларга эга фойдаланувчиларга асосий профилларни сақлаб қолиб, бошқаларини ўчириб ташлашни маслаҳат беради. Чунки фойдаланувчи вафот этганидан кейин унинг асосий профилига хотира мақоми берилади. Бу қандай ишлайди?
Хотира мақоми берилган профиллар
Facebook “ёрдам маркази”нинг тушунтиришича, хотира мақоми берилган профиллар – дўстлар ва оила аъзолари учун одам вафотидан кейин хотираларини баҳам кўришлари мумкин бўлган жой. Бунинг учун вафот этган шахснинг яқин қариндоши Facebook’ка сўров юбориши керак.


















