“Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун халқимизни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман. Бугун бепоён Ватанимизнинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида эл-юртимиз катта шод-у хуррамлик билан Наврўз сайилларини ўтказмоқда. Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда кексаю ёш жамики юртдошларимизни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман”, деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқнинг азм-у қарори, унинг ҳаёт мазмунидир. Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
“Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз”, деди президент.

Қайд этилишича, шу эзгу йўлда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурлар жадал давом эттирилади.
“Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуои фотиҳаларидан куч-қувват оламиз. Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз. Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.

Сиз, азизлар олдимизда турган муҳим сиёсий тадбирда ҳам юксак сиёсий тафаккур ва маданиятингизни намоён этиб, эришган ютуқларимизни мустаҳкамлаш, ислоҳотларимизни қатъий давом эттириш учун пухта ҳуқуқий асос яратишга ўз ҳиссангизни қўшасизлар, деб ишонаман. Мана шу бетакрор лаҳзаларда кўкламнинг ҳар бир куни, ҳар бир соатини ғанимат билиб, даласига йўл олаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизга энг эзгу тилакларимизни билдирамиз. Бугун катта орзу-умидлар билан сафларимизга кириб келаётган навқирон ўғил-қизларимизни – Янги Ўзбекистон бунёдкорларини барчамиз самимий олқишлаб, уларга бахт ва омад тилаймиз.



















