21 март куни соат 21:47 да Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар ҳудудида кучли зилзила содир бўлди. Ерости силкинишлари магнитудаси 6,5 дан 7,7 гача бўлган. Ер силкиниши сезилган барча мамлакатларда одамлар шошилинч равишда уйларини тарк этишди.
Кучли силкинишлар Покистон, Ҳиндистон ва Марказий Осиёнинг бошқа қатор давлатларида ҳам сезилган.
Зилзила Покистон пойтахти Исломобод, шунингдек, Лаҳор, Равалпинди, Кветта, Пешовар ва мамлакатнинг бошқа бир қанча шаҳарларида сезилди, дея хабар бермоқда «Анадолу».
Афғонистон билан чегарадош Сват минтақасида икки киши ҳалок бўлгани, 150 дан ортиқ киши жароҳат олгани хабар қилинган. Тўлиқ ва қисман вайрон бўлган бинолар мавжуд. Ҳалок бўлганлардан бири, 13 ёшли қиз уйидаги девор қулаган, деб хабар бермоқда Reuters.
Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Қуйи Дир туманида уй томининг қулаши оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, 7 киши жароҳат олди.
Исломободдаги айрим биноларда катта ёриқлар пайдо бўлган.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф тегишли тузилмаларга юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёр туриш бўйича кўрсатма берди. Ҳозиргача жами 9 кишининг ўлими ҳақида хабар берилган.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятининг Журм туманида бўлган. Унинг ўчоғи 187,6 км чуқурликда жойлашган. Афғонистон матбуотига кўра, силкинишлар кучи 6,8 баллни ташкил қилган.
Афғонистонда зилзила Тахар, Бадахшон, Қундуз ва Панжшер вилоятларида ҳам кучли сезилган.
Афғонистон шимоли-шарқидаги Тахар вилоятида, дастлабки маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 20 та турар жой биноси вайрон бўлган, деб хабар берди Aamaj News.
«Манбаларнинг Aamaj ахборот агентлигига маълум қилишича, кучли зилзила натижасида Тахар вилоятининг Варсаж ва Калафғон туманларида 20 та турар жой биноси вайрон бўлган. Тахардаги зилзила қурбонлари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ», дейилади хабарда.
Аввалроқ агентлик Панжшер вилоятида кучли зилзила натижасида Дареҳ туманидаги Абдулла Ҳел қишлоғидаги учта турар жой биносига жиддий зарар етганини хабар қилган эди.
«Ушбу ҳодиса оқибатида уч киши, жумладан, бир бола ва бир аёл тан жароҳати олди», — дейилади хабарда.







