Туркияда сайлов кампанияси тобора қизиб бормоқда. 14 май куни мамлакатда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Президентлик учун 9 йилдан бери Туркияни бошқариб келаётган, ундан олдин 11 йил бош вазир лавозимида ишлаган Ражаб Тоййиб Эрдўған асосий номзод сифатида курашади. Мухолифат ҳам ягона номзодини танлади ва бу коалиция иқтисодий инқироз, «эрдономика» ва демократик институтлар йўқ қилинишидан жабр кўрган энг хилма-хил сайловчиларни бирлаштириши кутилмоқда. Туркия умуман тайёр бўлмаган даҳшатли зилзила сайловолди кампаниясига қўшимча омиллар қўшди. BBC нашри сайловолди пойгаси иштирокчилари, асосий интригалар ва истиқболлар ҳақида мақола тайёрлади.

Барча имкониятга эга бўлган номзодлар

Бутун ўтган йил давомида таҳлилчилар агар турк мухолифати келишувга эришиб, Ражаб Тоййиб Эрдўғaнга қарши ягона номзод кўрсатишга муваффақ бўлса, уларда президентлик сайловларида ғалаба қозониш имконияти пайдо бўлишини таъкидлаб келди.

Мухолифат номзодни танлашни ва уни эълон қилишни охирги дақиқаларгача чўзди. Бунга бир томондан, Эрдўғaн номзодга нисбатан маъмурий ресурсларни қўллашига йўл қўймаслик мақсади, бошқа томондан эса, ички келишмовчиликлар сабаб бўлди.

Мухолифат етакчиси ролига асосий номзодлар икки муҳим шаҳар – Истанбул ва Анқара мэрлари ҳисобланаётганди.

Уларнинг бири, Акром Имомўғли 2019 йили Истанбул мэрлигига сайловда ғалаба қозонган 54 ёшли истиқболли сиёсатчи. Шаҳар раҳбарлигига бошқа номзодни қўллаб-қувватлаган, Имомўғлининг ғалабасидан ғазабланган Эрдўған ўшанда ҳаммани сайловлар адолатсиз ўтганига ишонтиришга уринганди. Имомўғли 19 кун шаҳар ҳокими бўлиб ишлади, шундан сўнг сайлов комиссияси барибир сайлов натижаларини бекор қилди ва янги сайлов белгилади. Имомўғли яна ғалаба қозонди ва бу сафар ҳатто ҳукмрон партия вакили бўлган рақибидан устунлигини ошириб олди ҳам.

Истанбул мэри Акром Имомўғлининг рейтинги юқори, аммо унинг сайлов комиссияси билан муаммолари бор. Фото: NURPHOTO

Аммо айнан ўша сайловлар Имомўғлини президентликка номзод бўлиш имкониятидан маҳрум этди. У биринчи сайлов натижалари бекор қилинишини аҳмоқлик деб атади, натижада Имомўғли сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилишда айбланиб, қамоқ ва сиёсий фаолиятни тақиқлаш жазосига ҳукм қилинди.