Фарғоналик Достонбек Сиддиқов ота-онаси изидан бориб ўқитувчилик касбини танлаган. 5 йилдан бери Вьетнамда яшайдиган йигит инглиз тилидан дарс беради, у ойига ўртача 4 минг доллар даромад қилади. Бу давлат унинг ўқитувчи сифатида қарашларини бутунлай ўзгартирган. Аввалига бегона юртда мактаблардан иш тополмагач фаолиятини боғчадан бошлаган ўзбек йигити вақт ўтиб у ерда «йил ўқитувчиси» сифатида эътироф этилган. Ўқитувчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда Вьетнамга қандай бориб қолгани, эришган ютуқлари ва давлат таълим тизимидаги ўзига хосликлар ҳақида сўзлаб берди.

— Танловингиз нега айнан Вьетнам бўлган? У ерда иш бошлашингиз қандай кечган?

— Бу ерга келиб қолишим мутлақо тасодиф. Айнан Вьетнамда ишлаш ниятим бўлмаган. Бунгача мен Хитойда ишлаб юрганман. Орада визамни янгилаш учун бошқа давлатга чиқишим керак бўлиб қолди, шунда Вьетнамга келганман. Бу ердаги ўзимизникига ўхшаш маданиятни кўрганимдан кейин шу ерда қолишга қарор қилганман. Бундан ташқари, Таиланд, Малайзия, Камбоджа каби мамлакатларда ҳам ишладим. Булар билан солиштирганимда, кўпроқ Вьетнам маъқул келган.

Биринчи келганимда ҳамма нарса мен учун янги бўлгани сабаб, мослашгунгача бўлган даврда иш топишим бироз қийин бўлган. Чунки Вьетнамда сизга тўғридан тўғри иш бериша олмайди, олдин очиқ дарс ўтиб беришингиз керак бўлади. Янги ўқувчилар, янги атмосфера бўлгани учун дарс ўтишда бироз қийналганман бошида. Шунинг учун бу ердаги фаолиятимни боғчадан бошлашга мажбур бўлганман. Ўзбекистонда академик лицей ўқувчиларига дарс берганим учун боғчада баъзи нарсалар қийнаган мени, яъни дарсларим жиддийроқ бўлиб қолаверган. Бошида боғча талабларига кўникишим қийин бўлган. Кейинчалик бошқаларни кузатиб, керак бўлса болалар билан бирга рақсга тушиш, уларни ўйинлар билан ўқитиш кераклигини, муҳимлигини тушунганман.

— Вьетнам таълим тизимида нимага кўпроқ эътибор беришади?

— Вьетнам билан қиёсланса, бизда энди-энди таълимга эътибор қаратилаётгандек туюлади. Бу ерда таълимдаги ислоҳотлар анча олдин бошланган. Бир пайтлар саводсизлик авж олган давлат бўлган. Кейин саводсизлик душмандан ҳам ёмон, нажот таълимда, деб таълим ривожига ҳаракат қилишган. 2000 йилдан бошлаб жараён янада тезлашган. Яъни шу йилдан бошлаб хорижлик мутахассислар ҳам дарс ўтишни бошлаган. Ҳозир энг чекка ҳудудларда ҳам чет эллик экспертлар дарс ўтишади.

Бу ердаги таълим тизими бизники билан деярли бир хил: боғча, бошланғич мактаб, ўрта мактаб, юқори мактаб. Мажбурий таълим 12 йиллик ҳисобланади. Бошланғич, ўрта ва юқори мактаблар ҳаммаси бир жойда жойлашмайди. Синфларнинг жойлашув ўрнига қараб, 40 тадан 60 нафаргача ўқувчи бўлади. Юқори синфларда одатда 50-55 ўқувчи бўлади. Эътиборлиси, доим 100 фоиз давомат бўлади.