Жаҳон | 11:29 / 23.03.2023
9032
2 дақиқада ўқилади

Россияда сафарбарлик давридаги «самоволка» учун 471 та иш очилди

Россияда сафарбарлик даврида қатъийлаштирилган моддалар бўйича ҳарбий хизматчиларга нисбатан ишларнинг сони ой сайин ортиб бормоқда, деб ёзади «Медиазона».

Фото: udminfo

Украинада уруш бошланганидан бери Россия гарнизон судлари сўроқсиз ҳарбий хизмат жойини ташлаб кетиш, буйруқларни бажармаслик, дезертирлик ва сафарбарлик даврида қатъийлаштирилган бошқа моддалар бўйича 247 та ишда ҳукм чиқарди. Бу ҳақда 22 март, чоршанба куни «Медиазона» хабар бермоқда.

Суд статистикасини ўрганган журналистларнинг маълумотларига кўра, Россия гарнизон судларига жами 536 та шундай иш келиб тушган ва уларнинг сони ҳар ой ўсиб бормоқда.

Энг кенг тарқалган айблов - сўроқсиз ҳарбий хизмат жойини ташлаб кетиш («самоволка»). Судга шу каби 471 та иш келиб тушган, дея хабар берди нашр. Шу билан бирга, кўплаб ҳарбийларга шартли қамоқ жазоси бериляпти, бу эса уларни фронтга қайтариш имконини яратади, деб ёзади «Медиазона».

2022 йил сентябр ойининг охирида Россия Жиноят кодексининг ҳарбий қисмидаги моддалар сафарбарлик ёки ҳарбий ҳаракатлар даврида содир этилган жиноятлар бўйича янги қисмлар билан тўлдирилди. «Медиазона» маълумотларига кўра, янги моддалар бўйича жараёнлар 2022 йил ноябр ойида бошланган.

21 март куни ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков оммавий ахборот воситалари материалларига таяниб, Россия Олий суди яқин орада ҳарбий жиноятлар бўйича ўз амалиётини ўзгартиришини тахмин қилди. Хусусан, ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетганлик ва ҳарбий хизматчи икки кундан кам вақт давомида бўлинмада бўлмаган ҳолларда жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлади, деди у.

Мавзуга оид