Жаҳон | 18:57 / 24.03.2023
5216
2 дақиқада ўқилади

Лондон Афғонистонда махсус кучларининг эҳтимолий қотилликларини текширади

Жумладан, SAS бўлинмаси аъзоларининг тинч аҳолини қатл қилишга алоқадорлиги бўйича тергов ўтказилади.

Фото: AP

Буюк Британия Афғонистонда махсус ҳаво хизмати (SAS) ҳарбийлари томонидан содир этилган судсиз қотилликлар юзасидан тергов бошлади. Улар 50 дан ортиқ ана шундай воқеаларда гумон қилинмоқда, деб ёзди The Guardian.

Тергов Афғонистон жанубидаги Ҳилманд вилоятида 2010 ва 2011 йилларда ҳалок бўлган 54 нафар тинч аҳолининг ўлимига SAS бўлинмаси аъзоларининг алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши ортидан бошланган.

«Қонунни бузган ҳар қандай шахс тергов учун тегишли органларга топширилиши шарт», деди мустақил терговни бошлаган лорд-судья Ҳэддон-Кейв. Шу билан бирга жиноятларда айбсиз бўлганлардан «кўплаб шубҳаларни» олиб ташлаш зарурлигини таъкидлади.

«Бу қуролли кучлар обрўси учун ҳам, мамлакат учун ҳам жуда муҳим», деди судья.

Тергов давомида «Толибон» ҳаракатидан далил олиш нияти, шунингдек, Афғонистондаги гувоҳлар билан мулоқот қилиш билан боғлиқ тўсиқлар ҳақида сўралганда, Ҳэддон-Кейв ўз жамоаси билан бирга «қўлдан келган барча ишни» бажаришини таъкидлади.

Иш бўйича биринчи суд мажлиси 25 апрель куни Лондонда бўлиб ўтади. Йиғилишда «кўпчилиги махфий бўлган минглаб ҳужжатлар»ни текшириш бошланади. Шундан сўнг, ҳарбий амалиётлар ва Британия кучларининг Афғонистондаги ўрни бўйича дастлабки брифинглар ўтказилади.

Ҳэддон-Кейв сўзларига кўра, у маҳкамаларни очиқ тарзда ўтказиш тарафдори, аммо миллий хавфсизлик ва гувоҳларни ҳимоя қилиш зарурати баъзи маҳкамаларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишни талаб қилади.

Хусусан, SAS каби махсус кучлар аъзоларининг кўрсатмалари ҳақида гап кетганда, судья тергов гуруҳидан бошқа ҳар қандай шахснинг суд мажлисида иштирок этиши «иложсиз» эканини айтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид