Ўзбекистон | 10:26 / 24.03.2023
22743
2 дақиқада ўқилади

«Сувга мўл денгиз фақат Нукус музейида осилган расмларда қолган» — Саида Мирзиёева БМТ минбарида Орол муаммосини кўтарди

Нью-Йоркда сув масалалари бўйича БМТ анжуманида Саида Мирзиёева Ўзбекистон номидан чиқиш қилиб, Орол денгизи минтақаси учун муҳим бўлган масалаларни кўтарди. 

Айни кунларда БМТнинг бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференцияси ўтказилмоқда. Халқаро ҳамжамият 45 йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба бундай конференцияда жам бўлди. Чунки масала ниҳоятда долзарб: 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 5 млрд кишиси сув танқислигидан азият чекиши мумкин.

23 март куни конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида мамлакатимиз делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда Ўзбекистоннинг етакчилиги хусусида сўз юритди.

Саида Мирзиёева Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлаб, қорақалпоқ элининг атоқли шоири Ибройим Юсупов ижодидан денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши тасвирланган сатрларни ўқиб берди.

Ўзбекистон амалга ошираётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борганда, минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, асосийси, матонатли қорақалпоқ элининг саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил боғларни яратиш учун 14 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилгани айтилди.

Фожиа оқибатларини бевосита ўз бошидан кечираётган Қорақалпоғистон халқининг матонати, меҳнатсеварлиги, яратувчанлиги алоҳида эътироф этилди. Минтақанинг оғир шароитида, айниқса, аёллар кучли ғамхўрлик ва кўмакка муҳтожлиги, улар учун имкониятларни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Мавзуга оид