Украина қуролли кучлари Бахмутни ҳимоя қилишда давом этмоқда, гарчи шаҳар атрофидаги вазият улар учун яхшиланмаётган бўлса ҳам. Аммо бу Украина қўмондонлигининг ягона муаммоси эмас: Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Донецкдан шимолроқда жойлашган Авдийивка шаҳридаги истеҳкомини қуршаб олиш мақсадида жиддий ҳаракат бошлаган. Россиянинг Бахмутдан шимолдаги Креминна шаҳри атрофидаги юришлари ҳам давом эттирилмоқда. Аммо айни пайтда Украина қуролли кучлари тез орада қарши ҳужумга ўтишига илк ишоралар ҳам пайдо бўлди (ҳаракатларга кўра, Донбассда ҳам, Запорижжяда ҳам).

Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский Украина қуролли кучлари Бахмут ҳудудига яқин орада ҳужумга ўтиши ҳақида гапирди. «Ҳеч нарсани аямай, улар сезиларли кучини йўқотяпти ва заифлашиб боряпти. Тез орада биз Киев, Харкив, Балаклия ва Купянск яқинларида бўлгани каби бу имкониятдан фойдаланамиз», деди Сирский.

Бахмут

  • Украина қўмондонлиги Бахмут атрофига йирик захира кучлари ташлади. Бир неча янги батальонлар шаҳарни тўлиқ ўраб олишга тўсқинлик қиладиган участкада жойлашган. Улар «Вагнер» ёлланма жангчиларини Бахмутдан Хромово орқали ғарбга олиб борувчи «ҳаёт йўли»га яқинлаштирмасликка ҳаракат қилмоқда. Ижтимоий тармоқда Украина қуролли кучларининг «Вагнер»нинг йўлдан бир неча юз метр масофадаги позицияларига қарши ҳужуми акс этган видео пайдо бўлди.
  • Украина қуролли кучлари Бахмутдан жануби-ғарбдаги бошқа йўл атрофида ҳам қарши ҳужум уюштирмоқда (Украина қўшини бу йўлдан фойдаланиши қийинлашган, чунки «вагнерчилар» анчадан буён Бахмутдан жануби-ғарбдан чиқиш йўлларини штурм қилмоқда). Ивановский районида (Красний) Украина қуролли кучлари зирҳли техникалари ёлланма жангчиларни олдинги чизиқдаги позицияларидан суриб чиқаришга муваффақ бўлган.
  • Шаҳар атрофидаги бошқа йўналишлар ва шаҳарнинг ўзида эса вазият Украина томони учун у қадар яхши эмас. Хусусий ҳарбий компания жангчилари Бахмут марказига шимол ва жанубдан яқинлашиб келмоқда. Шимолдаги саноат зонасининг катта қисми (Артемовск рангли металлар заводи) эгаллаб олинган, жанубда эса ёлланма жангчилар тўғридан тўғри шаҳарнинг марказий қисми бошланувчи Мариупол кўчасига чиқишган. Шаҳардан жануби-ғарбий чиқиш йўлларида эса, юқорида айтилганидек, жанглар олиб борилмоқда.
  • «Вагнер» ХҲК шимолда нисбатан сезиларли натижаларга эришмоқда. Ёлланма жангчилар Бахмут — Часив Яр темирйўли бўйлаб силжимоқда ва аллақачон Богдановка ва Орихиво-Василйевка қишлоқларига етиб бориб, тепаликларни забт этишган. Энди нафақат Бахмут қуршовга тушиши, балки ёлланма жангчилар шимоли-шарқдан Часивга чиқишининг реал таҳдиди юзага келган. ХҲК жангчилари Бахмут — Краматорск трассаси бўйлаб ҳам олдинга юрмоқда, бу йўналишда ёлланма жангчилар Зализнянское қишлоғини эгаллаган ва бу ерда ҳам тепаликларни назорат қилмоқда.