Ўзбекистон | 18:23 / 25.03.2023
22058
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи дори яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид — ССВ

Дунёда саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилди.

Қайд қилинишича, интернетда бу ҳақда тарқалган хабарда номи келтирилган дори радиофармацевтик векторли терапия воситаси бўлиб, 2022 йил июнь ойида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган. Препарат таркиби «лютеций-177» радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали «антиген-617» оқсил моддасидан иборат экани айтилган.

ССВ хабарига кўра, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади.

«Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазаланиш жараёнидагина ишлатилади», деди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов.

Унинг сўзларига кўра, бу препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади.

ССВ маълум қилишича, препарат шу кунгача Ўзбекистондаги битта тиббиёт муассасасида фақат 3 нафар беморда қўлланилган ҳамда мутахассислар фикрига кўра, хаста инсонларда ўсма ўчоқлари (метастазалар) ва уларни безовта қилаётган оғриқлар сезиларли даражада камайган.

Бундан ташқари, ҳар қандай янги дори воситаси самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилади.

ССВ хабарига кўра, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

Мавзуга оид