Ўзбекистон | 12:47 / 25.03.2023
25233
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда олти марта 6-8 балли зилзила содир бўлган

Сўнгги 10 йилда республикада олти маротаба 6-8 балли зилзила содир бўлган. Иқтисодий зарар 84 млрд сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар, Қурилиш вазирликлари, Фанлар академияси Сейсмология институти ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон геологик жойлашувига кўра, Ўрта Ер денгизи - Осиё сейсмик камарида жойлашган. Шу боисдан, республика ва унга чегарадош ҳудудларда тез-тез зилзилалар содир бўлиб туриши табиий ҳол саналади. 

Мамлакат ҳудудларида 1900 йилдан шу кунга қадар 60 дан ортиқ кучли ва ҳалокатли (магнитудаси 5 дан юқори бўлган) зилзилалар содир бўлган.

Сўнгги 10 йил мобайнида эса республикада жами олти маротаба 6-8 балли зилзилалар содир бўлган, натижада қурбонлар сони 16 кишини, жабрланганлар сони 54 кишини, иқтисодий зарар эса 84 млрд сўмни ташкил этган.

Улардан энг кучлилари: Кон зилзиласи - 2011 йил (8 балл), Туябўғиз зилзиласи - 2013 йил (7 балл), Маржонбулоқ зилзиласи - 2013 йил (8 балл), Китоб ва Бахмал зилзилалари - 2016-2017 йиллар (7 балл), Бойсун зилзиласи – 2022 йил (6 балл).

Билдирилишича, Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда 2023 йил 1 январдан бугунги кунгача магнитудаси (М= 2.8-6.8) бўлган 250 дан ортиқ зилзила қайд этилди.

Мавзуга оид