«Путиннинг ошпази» раҳбарлик қилаётган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Украинанинг Бахмут шаҳри атрофида ва ичида сиқувни давом эттирмоқда. Аллақачон шаҳар мавзеларининг ярми эгалланган, қолган қисми ҳам тез орада қуршаб олиниши мумкин.

Евгений Пригожин ўз ёлланма жангарилари билан. Фото: «Вагнер» ХҲК.

Лекин шунга қарамасдан Украина қўмондонлиги шаҳар мудофаасини таъминлашга қарор қилди ва захиранинг яна бир қисмини шу йўналишга ташлади. Бу «вагнерчилар»нинг силжишини тўхтатмаган бўлса-да, анча секинлаштирди. Шу билан бир вақтда сон жиҳатдан кичикроқ Украина армиясини турли йўналишлардан сиқишга киришган Россия мунтазам армияси натижага эриша олмаяпти.

Хўш, айнан нима «Вагнер» ХҲКни Россиянинг энг самарали ҳарбий кучига айлантирди? Унга қарши Украина қуролли кучлари нима қила олади? «Медуза» «Вагнер» ХҲКнинг тактикасини батафсил ўрганиб чиқди.

Сўнгги йилда «Вагнер» Украинада қандай жанг олиб борди?

Путинга яқин тадбиркор Евгений Пригожин томонидан назорат қилинадиган «Вагнер» ХҲК Украинага босқиннинг дастлабки кунлари ва ҳафталарида иштирок этмаган. Ёлланма жангарилар фақат 2022 йилнинг апрелига келиб Украинага ташланган. Ўшанда штурм отрядлари Луҳанск областининг Попасна шаҳри учун жангларга киришганди. Шаҳар 2015 йилдан буён Украина қўшинлари ва ўзини ўзи мустақил дея атаб олган «ЛХР» айирмачиларининг «тўқнашув чизиғи»да эди. Бу жой Киев томонидан мудофаага яхши тайёрланганди.

Бу вақтга келиб рус қўмондонлиги Киев, Харкив ва Миколайив остонасида қақшатқич мағлубиятга учраб, Донбассда бир неча йўналишда ҳужум бошлаганди. Бу ҳужумларнинг катта қисми ҳеч нарса билан тугамади, бироқ «Вагнер» ХҲК Украина армиясини Попасна шаҳридан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди.

Шу билан олға силжиш тугади

Нега?

Россия қўмондонлиги муваффақиятни ривожлантириб, 2022 йилнинг ёзги кампаниясини Украинанинг Северодонецк ва Лисичанск шаҳарларидаги бўлинмаларини қуршаб олиб, нуқта қўймоқчи бўлди.

Попаснадан шимолроқда «Вагнер» ХҲК мунтазам армия қисмлари билан Украина қуролли кучлари ортига ўтиб олишга муваффақ бўлди. Бироқ, Россиянинг Марказий ҳарбий округи қўшинлари Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтиб, уларга пешвоз чиқишни эплай олмасдан, катта йўқотишларга дучор бўлди.