Украина президенти Володимир Зеленский Япониянинг Yomiuri Shimbun нашрига берган интервюсида Украинанинг баҳорги қарши ҳужуми қуроллар ва ўқ-дори етишмовчилиги туфайли ортга сурилаётганини маълум қилди. Украина етакчисининг сўзларига кўра, юриш баҳорга мўлжалланганди, аммо ҳозирда Украина қуролли кучларига ўқ-дори ва қирувчи самолётлари етишмаяпти.

Япония нашри ёзишича, Германия ва бошқа мамлакатлар томонидан тақдим этилган танклар фронтга апрел ойида етиб келади. Зеленский улардан Россия мудофаа линиясини ёриб ўтишда фойдаланиш режалаштирилгани ҳақида айтиб ўтди: «Танклар бизга Украинани деоккупация қилиш учун даркор».

Аммо, Украина президенти қайд этишича, армияда ўқ-дорилар билан боғлиқ вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар ҳар куни Украина қуролли кучларига қараганда қарийб уч баробар кўпроқ ўқ-дори қўлламоқда. «Биз ҳамкорларимиздан ўқ-дорилар келишини кутмоқдамиз. Ҳозирча бошлай олмаймиз», деди у ва яна бир бор АҚШ ва Европадаги ҳамкорларни ўқ-дориларни етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.

У снарядлар ва ракеталарсиз юриш бошлаб бўлмаслигини таъкидлайди: «Биз ҳали юриш бошлай олмаймиз. Танкларсиз, артиллериясиз ва HIMARS тизимларисиз жасур жангчиларимизни фронтга юбора олмаймиз».

Ўтган ҳафтада Европанинг 17 давлати ва Норвегия Украина учун ўқ-дори ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича келишиб олди, унга кўра бир йил ичида Украинага бир миллион снаряд етказиб бериш ваъда қилинган.

Шанба куни эса Полшадаги ўқ-дори ишлаб чиқарувчи Dezamet компанияси Евроиттифоқнинг Украинани таъминлаш режаси доирасида ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширгани ҳақида эълон қилди.

Аммо бу режалар ҳам яқин келажакда вазиятни ўзгартириши даргумон – Украинага Ғарб мамлакатлари армияларининг ҳозирги захираларида турган ўқ-дорилар керак, чунки янги снарядларни ишлаб чиқариш кўп вақт олади.

«Армиямиз режаларини омма олдида муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ»

Зеленскийнинг баёнотидан кейин Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ОАВ ва фуқароларни Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга тайёрланаётгани тўғрисида гапирмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, Украина армиясининг Харкив областидаги қарши ҳужуми муваффақиятли чиқиши омилларидан бири ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юриш ҳақида камдан кам маълумот берадиган ҳарбийлардан бошқаларнинг кириши тўсилгани учун ҳам бўлган.