Жаҳон | 10:32 / 29.03.2023
3371
2 дақиқада ўқилади

Франция Украина учун 155 миллиметрли снарядлар сонини икки баробарга оширади

Франция Украинага етказиб берилаётган 155 миллиметрли снарядлар сонини икки баробарга ошириб, ойига 2000 тагача етказади. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастян Лекорну Le Figaro газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

Фото: AP

Унинг сўзларига кўра, ўсиш март ойининг охиридан бошланади. Бундай снарядлар немис PzH 2000 ўзиюрар артиллерия мосламалари (ЎАМ) ва франтсуз CAESAR ЎАМда фойдаланиш учун мос тушади.

Европа Иттифоқи давлатлари яқин 12 ой ичида бир йилдан ортиқ вақт давомида Россиянинг кенг кўламли босқинидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинага бир миллион янги артиллерия снарядларини етказиб бериш ниятида. Бу ҳақда 20 март куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида иштирок этаётган бир неча дипломатларга таяниб, dpa агентлиги хабар берди.

Ўз навбатида, AFP ўз манбаларига таяниб, Евроиттифоқ кенгаши йиғилишида Украина учун 2 миллиард еврога ўқ-дорилар сотиб олиш режаси келишилганини ёзди. Агентликнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари снарядларни биргаликда етказиб бериш бўйича принципиал равишда келишиб олдилар. 

Европа Иттифоқининг мақсади бу йил Украинага 1 миллион 155 миллиметрли артиллерия снарядларини юбориш. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ЕИга аъзо давлатларни ўз захираларидан снарядлар билан таъминлашга ундаш учун 1 миллиард евро ажратиш таклифи маъқулланишига эришмоқчи. Яна 1 миллиард евро янги буюртмаларни тезлаштириш ва давлатларни Европа мудофаа агентлиги орқали ёки кичик гуруҳларда харидлар бўйича биргаликда ишлашга ундаш учун ишлатилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид