18:41 / 29.03.2023
8352

Украина армиясида зарбдор дронларнинг учта ротаси шакллантирилди

Украина қуролли кучлари доирасида зарбдор дронларнинг дастлабки учта ротаси шакллантирилди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари ва мамлакат рақамли трансформация вазири Михайло Федоров маълум қилди.

«Бугунги кунда зарбдор дронларнинг дастлабки учта ротаси жангларга тайёр. Ҳамкорлар билан биргаликда улар тўлиқ жиҳозланди. Пикаплар, зарбдор коптерлар ва "Старлинк"лар берилди. Барча дронлар Украина маҳсулоти. Дронлар армияси зарбдор ротаси учун жиҳозлар хусусий донорлар томонидан сотиб олиб берилди», — деган Федоров.

Унинг сўзларига кўра, дронлар разведка ва зарба бериш миссияларини бажаради, шунингдек украин артиллерияси учун нишонларни белгилаб беради. Вазир «Дронлар армияси» учун хайрия маблағлари United24 платформасида йиғилганини таъкидлаган. Бу платформада аввалроқ дунёдаги биринчи денгиз дронлари флоти учун ҳам маблағ тўпланганди.

Украинада армия учун учувчисиз учиш қурилмалар ротаси ташкил этилаётгани тўғрисида январ ойи охирида Украина қуролли кучлари Бош штабида маълум қилинганди. Бу дунёдаги дастлабки шундай роталар бўлиши қайд этилганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top