Жаҳон | 08:21 / 29.03.2023
8390
1 дақиқада ўқилади

ЕИда 2035 йилдан бензин ва дизелда ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш тақиқланди

2035 йилдан бошлаб Европа Иттифоқида ички ёнув двигателли янги автомобиллар ишлаб чиқарилмайди ва рўйхатдан ўтказилмайди - синтетик ёнилғи қуйиш бундан мустасно. Бу қарор Европа Иттифоқи вазирлар кенгаши томонидан қабул қилинди.

Фото: Shutterstock

2035 йилдан бошлаб Европа Иттифоқида бензин ёки дизел ёнилғиси билан тўлдириладиган янги автомобилларни ишлаб чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмайди. Тегишли тақиқ 28 март, сешанба куни Брюсселда Европа Иттифоқи вазирлар кенгаши томонидан Германия бир неча ҳафталик маслаҳатлашувлардан сўнг ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга рози бўлганидан сўнг қабул қилинди.

Шу билан бирга, Берлин углеродсиз синтетик ёнилғи воситалари (e-fuel) учун истисно бўлишини таъкидлади: ички ёнув двигателлари (ИЁД) бўлган бундай транспорт воситалари кейин ҳам рўйхатга олиниши мумкин.

Европа Комиссияси вице-президенти Франс Тиммерманс келишувни олқишлаб, уни «эмиссиясиз ҳаракатланиш йўлидаги муҳим қадам» деб атади. Германия атроф-муҳит вазири Стеффи Лемке, ўз навбатида, бу ҳаракат «автомобиль саноатига режалаштириш учун керак бўлган ишончни беради», деди. Шу билан бирга, у синтетик ёнилғида ишлайдиган автомобилларга нисбатан электромобилларнинг афзаллигини таъкидлади.

Мавзуга оид