Дам олиш кунлари қисқа муддатли ёмғир, айрим ҳудудларда дўл ёғиши мумкин
Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида бугун кундуз куни баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати +20...+25 даража атрофида бўлади.
Якшанба куни мамлакат ҳудудига Каспий денгизининг жанубий ҳудудларидан циклон кириб келиши, бунинг ҳисобига нам ҳаво массалари кузатилиши кутилмоқда, деб хабар беради "Ўзгидромет".
Ўзбекистон ҳудуди бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғади, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади. Республиканинг айрим ҳудудларида дўл ёғиши мумкин. Фақат шарқий ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.
1-2 апрелда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, республика шимолида ва чўл ҳудудларида 22-25 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг тўзон билан кузатилиши мумкин.
31 март ва 2 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. 31 мартда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида 2000 метрдан юқорида қор кўчиши хавфи бор.
Пойтахтда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Шамол 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати +24...+27 даража бўлади.