Жаҳон | 08:16 / 31.03.2023
10553
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Биз ғалабамиз яқинлашишига тайёрланяпмиз

Украина президенти Володимир Зеленский ватандошларига кечки видеомурожаатда мамлакатнинг Россия ҳарбий босқинига қарши 400 кунлик қаршилиги натижаларини қисқача сарҳисоб қилди. 

Фото: president.gov.ua

«Тўрт юз кунлик кенг кўламли тажовуздан ҳимоядамиз. Бу биз босиб ўтган улкан йўл», - деди давлат раҳбари украиналик ҳарбийларга ва уларни қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорчилик билдириб. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина ҳозирда ғалабани яқинлаштириш учун «фаол ҳаракатлар» тайёрламоқда. 

«Биз кейинги қадамларимизни, фаол ҳаракатларимизни тайёрлаяпмиз. Ғалабамизга яқинлашиш йўлини тайёрлаяпмиз», - деди президент.

Аввалроқ Володимир Зеленский Украинада Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашишга тайёрлигини маълум қилганди

«Биз уни шу ерда кўришга тайёрмиз. Мен у билан гаплашмоқчиман», деди Украина президенти 29 март куни чоп этилган Associated Press агентлигига берган интервьюсида. Унинг қўшимча қилишича, у Хитой раҳбари билан бир йилдан ортиқ вақт давомида алоқада бўлмаган. Агентлик маълумотларига кўра, Украина раҳбари аллақачон Си Жинпингга таклифнома юборган.
 
25 март куни Зеленский Япониянинг The Yomiuri Shimbun нашрига берган интервьюсида Хитойнинг музокара ўтказиш бўйича таклифини олмаганини айтди. Украина етакчисининг қўшимча қилишича, у аввалроқ дипломатик каналлар орқали Хитой раҳбари билан гаплашиш истагини билдирган. 

Мавзуга оид