Ўзбекистон | 11:17 / 03.04.2023
12122
3 дақиқада ўқилади

“3 нафар ходим коррупция билан боғлиқ ҳаракати учун ишдан бўшатилган” – Тошкент вилояти прокуратураси

Kun.uz’да Тошкент вилояти прокурори Шавкатжон Раҳимов кўплаб ходимларни ишдан бўшатиб, мажбуран пенсияга чиқаргани ёки қуйи лавозимга туширгани ҳақида вилоят прокуратураси ходимларининг мурожаати эълон қилинганди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, вилоят прокуратураси органларида жами 303 нафар ходим хизмат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида 6 нафар ходим пенсияга чиқарилган, 4 нафари ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, коррупция билан боғлиқ ножўя хатти-ҳаракатларни содир этган 3 нафар ходим прокуратура органлари тизимидан бўшатилган.

“Вилоят прокурорининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича собиқ ёрдамчиси А.Маҳмудов, аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими прокурори Х.Турдибоев, жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори Х.Аҳмедов 60 ёшга тўлганлиги муносабати билан; 20 йиллик иш стажига эга бўлган Оҳангарон шаҳар прокурори А.Абдунабиев, Зангиота туман прокурорининг ўринбосари Д.Маҳмудов, аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими прокурори А.Тоиров “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, ўз аризаларига асосан пенсияга чиқишган.

Ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган ва юклатилган топшириқлар ижросини таъминлай олмаган ходимлар белгиланган тартиб асосида қуйи лавозимга ўтказилган.

2023 йилнинг 1-чораги якуни бўйича ходимларнинг барчасига тўлиқ мукофот пуллари тўлаб берилган. Бундан ташқари, 54 нафар ходимга моддий ёрдам пуллари ажратилган.

Мақолада қудаси, дея айтилган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи М.Эгамбердиев Шавкатжон Раҳимовнинг қудаси эмас. У ўз иш фаолиятини 1998 йилдан буён прокуратура органларида турли лавозимларда ҳалол хизмат қилиб келгани, билим ва касбий малакага эга бўлгани сабабли бош прокурорнинг буйруғи билан мазкур лавозимга тайинланган (маълумот учун, Ш.Раҳимовнинг икки қудаси бўлиб, бири ўқитувчи ва бири ижро ҳокимиятида ишлайди).

Тошкент вилояти прокурорининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси А.Тошпўлатов хизматда йўл қўйган камчиликлари учун бош прокурорнинг 2023 йил 1 апрелдаги тегишли буйруғи билан лавозимидан озод этилган”, — дейилади прокуратура муносабатида.

Мавзуга оид