Хитой ва Япония ташқи ишлар вазирлари 3 йил ичида биринчи марта учрашди
Мамлакатлар ўртасидаги кескин муносабатлар фонида Япония ва Хитой Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Тайван атрофидаги вазият ва Япония фуқароларининг Хитойда қўлга олинишини муҳокама қилди.
Япония ва Хитой ташқи ишлар вазирлари 2 апрел, якшанба куни икки давлат ўртасидаги кескинлик фонида уч йилдан ортиқ вақтдан кейин илк музокараларини ўтказди, деб хабар бермоқда Reuters.
Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяшининг ташрифи япон дипломатининг Хитойга сўнгги уч йилдаги биринчи ташрифи бўлди, дея қайд этади AP. Ҳамкасби Цин Ганг билан учрашувда у япон фуқаросининг Пекинда қўлга олинишига норозилик билдирди, шунингдек, Токионинг Тайван яқинида ва Япония атрофида Хитой ҳарбий фаоллиги кучайиб бораётганидан «кучли хавотир»ини билдирди.
Astellas Pharma Япония фармацевтика компанияси ходими бир ҳафта аввал Пекинда жосусликда айбланиб қўлга олинган эди. Ҳеч бир томон унга қўйилган айблар ҳақида батафсил маълумот бермади, деб хабар қилди AP. Япония ТИВ маълумотларига кўра, ҳозирда Хитойда беш нафар япон фуқароси қўлга олинган, улардан икки нафари аллақачон судланган ва айбдор деб топилган. Цин Ганг бунга жавобан Хитой «ишни қонунга мувофиқ олиб боришини» айтди.
Хаяши, шунингдек, Хитойнинг ҳарбий фаоллиги, жумладан, Россия билан ҳамкорлиги ва Шарқий Хитой денгизидаги ҳаракатларидан «жиддий хавотир» билдирди. «Биз иккаламиз ҳам айрим масалалар, жумладан, миллий хавфсизлик бўйича мулоқотни давом эттириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқладик», деди Япония вазири.
Унинг сўзларига кўра, томонлар «конструктив ва барқарор муносабатлар»га эришиш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олган. Цин Ганг, ўз навбатида, Японияни Тайван билан боғлиқ масалаларга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди ҳамда Токио аралашмаслиги ва «ҳеч қандай тарзда Хитой суверенитетига путур етказмаслиги» кераклигини айтди», — дейилади Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Ёшимаса Хаяши таъкидлашича, келишмовчиликларга қарамай, икки давлат Жанубий Корея билан уч томонлама музокараларни давом эттиришга келишиб, буни «муҳим ютуқ» деб атади.
Мавзуга оид
21:18
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024