Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар тарбияланувчиси ойлар давомида жинсий алоқага мажбурлаб келингани ва жиноятчиларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани жамоатчиликни жунбишга келтирди.
1 апрел куни Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили ҳам муносабат билдирди.
Вояга етмаганлар билан боғлиқ мазкур аянчли ҳолатга Болалар омбудсмани нега кеч муносабат билдирди? Вазиятни ўрганишга нега энди киришилди?
Kun.uz мухбирининг шу ва бошқа саволларига Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова жавоб берди.

“Бу ҳолат бўйича ростдан ҳам биз кеч хабар топдик. 31 март куни соат 23:20 да «Эффект Макаренко» телеграм каналида хабарни ўқидим. Шу заҳоти масалага доир материалларни қаердан олиш мумкинлиги ҳақида сўрадим. «Nemolchi.uz» каналида маълумотлар борлигини айтишди. Суд ёпиқ тарзда ўтгани учун умуман хабаримиз йўқ эди. Бизга ҳеч ким хабар бергани йўқ. Ижтимоий тармоқларда Сенат мажлисида айтилган деган гаплар бор, мен ўша мажлисда йўқ эдим.
Яна бир масала. Болалар омбудсман институти 3 йилдан бери фаолият юритяпти. Бизда фақатгина 3 та ходим ишлайди. Болалар омбудсмани, етакчи мутахассис ва сектор раҳбари. Вилоятларда ходимларимиз йўқ ҳозир, яъни структурамиз йўқ.
Ҳозирда болалар ҳуқуқлари омбудсмани бўйича қонун лойиҳаси тайёрланган. Ҳозирча кутяпмиз, муҳокамадан ўтгач, Қонунчилик палатасига киритилади. Қонун бўйича бизнинг штатлар кенгайтирилади ва вилоятларда ҳам ишлаш имконияти бўлади. Чунки болалар омбудсманининг вилоятларда ҳам вакиллари бўлиши шарт. Агар минтақавий вакиллар ишласа, биз бемалол шундай ҳолатларни зудлик билан ўрганишга ҳаракат қиламиз”, – дейди Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова.
Алия Юнусова мазкур ҳолат бўйича Болалар Омбудсмани сифатида ишни назоратга олганини ва охиригача батафсил ўрганишини маълум қилди.














