Ҳужжатда 2030 йилга қадар гидроэнергетика умумий қувватини 4 999 МВтга етказиш, шу жумладан қўшимча 2 311 МВт ҳамда хусусий инвесторлар иштирокида 615 МВт қувватларни яратиш назарда тутилган.
2023 йилдан бошлаб қуйидаги қўшимча истиқболли лойиҳалар амалга оширилади:
- Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида умумий қуввати 876 МВт бўлган Юқорипскем, Қоронғитўғай, Толдиқсой ГЭСни, Ойгаин ГЭС каскадини ҳамда Юқорипскем гидротўплаш электр станциясини қуриш;
- Наманган вилояти Норин дарёсида умумий қуввати 225 МВт бўлган Норин ГЭС каскадини қуриш;
- Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида умумий қуввати 264 МВт бўлган Юқоритўполанг ГЭС каскадини қуриш.
2023-2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- 2023-2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини оширишнинг янгиланган мақсадли кўрсаткичлари;
- Ўзбекистоннинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва 2023-2027 йилларда амалга ошириладиган умумий қуввати 748,5 МВт бўлган 9 та инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;
- 2024-2030 йилларда мавжуд гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, гидроэлектрстанцияларнинг янги қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган 47 та инвестиция лойиҳалари рўйхати;
- кичик ГЭСни қуриш ва улардан фойдаланишда зарур бўлган ҳамда 2023-2025 йилларда кооперация асосида маҳаллийлаштириш учун таклиф этилаётган асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар рўйхати.
Ўрнатилаётган тартибга мувофиқ «Ўзбекгидроэнерго»да қуйидагиларни назарда тутувчи корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойиллари жорий этилади:
- экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш ва 2025 йилга қадар ESG рейтингини олиш;
- жамият тизимида корпоратив ва стратегик маслаҳатчи хизматини ташкил этиш, кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар сонини 4 нафарга етказиш;
- 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб экологик стандартларга мувофиқ ахборотларни ошкор этиш амалиётини йўлга қўйиш;
- 2023 йил 1 июлдан бошлаб соҳадаги етакчи чет эл компаниялари билан «бенчмаркинг» усулида таққослаш орқали жамият операцион самарадорлигини ошириб бориш.















