1867 йил 30 март. Вашингтон шаҳрида Россиянинг АҚШдаги элчиси бошчилигидаги рус делегацияси ва Америка ҳукумати ўртасида шартнома имзоланади.

Шартномага кўра, Шимолий Америкадаги 1,5 млн километр квадрат майдонда жойлашган улкан ҳудуд бир неча млн доллар эвазига Россиядан АҚШ тасарруфига ўтади.

Ўшанда америкаликлар русларга ҳар бир километр квадрат ер учун арзимаган центларда ҳақ тўлашади.

Гарчи сотиб юборилганига 150 йилдан ошган бўлса-да, бугун аксарият россияликлар бир нарсани афсус билан эслашади – Россия Аляскани сувтекинга сотиб юборган.

Алясканинг қўлдан кетганига афсусланадиганлар ва арзон сотиб юборилган дейдиганлар орасида оддий фуқаролардан тортиб, юқори лавозимли давлат амалдорларигача бор.

Путин ва унинг ён атрофидагилар ҳам жуда кўп марта Алясканинг сотиб юборилиши ҳақида фикр билдиришган ва уни қайтариб олиб бўлмаслигини айтишган.

Алясканинг руслар назоратига ўтиши

Колумб Американи кашф этганидан сўнг Ғарбий Европа давлатлари дунёнинг турли ҳудудларини ўз назоратига олиш учун рақобат олиб бораётган пайтда Россия аввалига Урал, сўнг Сибирни эгаллайди.

Кейинги навбатда руслар Узоқ Шарққа қуруқликдан ва денгиз орқали экспедициялар юбора бошлашади. Шу тахлитда XVIII аср бошларигача Узоқ Шарқнинг асосий қисми назоратга олинади.

Сўнг Беринг бўғозидан ўтиб Шимолий Америкага ўтишади. 1732 йилда Михаил Гвоздев ва Иван Федоров бошчилигидаги экспедиция Аляскага етиб боради.

Кейинроқ руслар қитъа ичкарисига кириб боришади ва жуда катта ҳудудга эга бўлишади. Ўша пайтда руслар 1,5 млн квадрат километрдан ортиқ ҳудудни ўз назоратларига олишга муваффақ бўлишади.

Аляскага аввалига рус денгизчилари борган бўлса, кейинчалик оддий аҳоли ҳам кўчиб бора бошлайди. Натижада руслар томонидан тикланган бир қанча аҳоли манзиллари пайдо бўлади.

1799 йилда Россия-Америка компанияси ташкил этилади ва Аляска шу компания ёрдамида бошқарилади. Бу компания инглизларнинг «Ост-Индия» компанияси каби тузилма бўлган. Ўз ишларини мустақил ташкил этса ҳам тўғридан тўғри Россия ҳукуматига бўйсунган.