Жаҳон | 11:42 / 07.04.2023
6671
2 дақиқада ўқилади

АҚШ генерали: Қарши ҳужумдан мақсад Қримни озод қилиш бўлади

Россия томонидан аннексия қилинган яриморол Украина қўшинларининг қарши ҳужуми учун «ҳал қилувчи ҳудуд» ҳисобланади, Бахмут учун жанглар эса стратегик йўналишни ўзгартирмайди, деди АҚШнинг Европадаги кучлари собиқ қўмондони DW нашрига.

Фото: U.S. Army

Россия томонидан аннексия қилинган Қрим Украинанинг қарши ҳужуми учун «ҳал қилувчи ҳудуд», деди АҚШнинг Европадаги собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ходжес 5 апрель, чоршанба куни DW нашрига. Агар Қрим озод этилса, ҳаммаси ўзгаради, деди Ходжес. Унинг фикрича, Украина кучларининг бўлажак операцияси яриморолни, кейинроқ эса Донбассни озод қилишга қаратилган бўлади.

Агар «ҳар бир рус аскари шиддатли жанглар кузатилаётган Бахмутдан 200 километр радиусда ўлдириладиган» бўлса ҳам, бу стратегик жиҳатдан ҳеч нарсани ўзгартирмайди, деб ҳисоблайди Европадаги АҚШ қўшинларининг собиқ қўмондони. Шу билан бирга, «Украина Қуролли кучлари Бош штаби Бахмутдаги рус қўшинларини тўхтатиб, ўз зирҳли кучларини Бахмутга юбориш учун кўп ресурслардан фойдаланишга мажбур қилиш имконига эга эканлигини кўрди», деди истеъфодаги генерал-лейтенант.

Ҳозир Украина Қуролли кучлари Бош штаби қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда ва бўлажак операция ҳақидаги маълумотларни ҳар томонлама ҳимоя қилмоқда. Қарама-қарши ҳужумнинг муваффақияти Россия ҳарбий қисмларига «фалокатли таъсир кўрсатиши мумкин», дея қўшимча қилди Ходжес.

«Агар бу ҳужум кучайиб, Россия мудофаасини ўнлаб километрга ёриб ўтса, менимча, бу бошқа рус кучларига ҳам, Кремлга ҳам психологик таъсир кўрсатади», — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид