09:51 / 07.04.2023
4948

Санна Марин Финландия бош вазири лавозимидан истеъфога чиқди

Мариннинг партияси сўнгги парламент сайловларида фақат учинчи ўринни эгаллади. Консерваторлар ва ўнг қанот популистлар ғалаба қозонишди.

Финландия президент Саули Ниинистё ва бош вазири Санна Марин / Фото: Markku Ulander/Getty Images

Финландия бош вазири Санна Марин парламент сайловларида социал-демократик партияси мағлубиятга учрагач, истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Президент Саули Ниинистё Мариннинг истеъфосини қабул қилди, деб хабар қилди президент идораси 6 апрель, пайшанба куни. 37 ёшли социал-демократ янги вазирлар маҳкамаси шаклланмагунча Финландия ҳукумати раҳбари вазифасини бажаради.

Санна Марин 2019 йил охиридан бери Финландия ҳукуматини бошқариб келмоқда. У беш партиядан иборат сўл марказ коалициясини бошқаради. 2 апрелда бўлиб ўтган сайловларда унинг партияси консерватив Миллий коалиция партияси ва ўнг қанот популист «Ҳақиқий финлар» партиясидан кейин фақат учинчи ўринни эгаллади. Бу Финландияда ҳукумат алмашишини билдиради.

Консерваторлар етакчиси Петтери Орпо католик Пасхадан сўнг барча партиялар билан ҳукмрон коалиция тузиш бўйича музокараларни бошлаш ниятида. Санна Марин бир кун аввал сентябр ойида бўлиб ўтадиган партия қурултойида социал-демократик партия раиси лавозимини тарк этиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Шундан сўнг у парламентда оддий депутат сифатида фаолиятини давом эттиради.

Санна Мариннинг нуфузига 2022 йил август ойида ижтимоий тармоқда унинг дўстлари билан рақсга тушгани акс этган видео тарқалгани зарба берди. ОАВ маълумотларига кўра, Финландия бош вазири акс этган видеоёзувда кимдир гўёки кокаинга ишора қилиб, «ун» сўзини айтгани эшитилган. Можарони тўхтатиш учун Марин ихтиёрий равишда наркотикларга тестдан ўтди, унинг натижаси мусбат бўлиб чиқди. Натижада, воқеа барҳам топди, Мариннинг рейтинги, Helsingin Sanomat газетасига кўра, декабрь ойида 64 фоизни ташкил этди.

Top