Ўзбекистон | 18:17 / 07.04.2023
10978
3 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева Наманганда мактаб-интернатидаги болалар билан учрашди

Мактабнинг барча ўқувчилари ташхисдан ўтказилиб, уларга эшитишни протезлаш амалиёти бажарилди. 

Фото: «Замин» фонди

Зироат Мирзиёева Наманган вилоятининг 46-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатидаги болалар билан учрашиб, самимий суҳбатлашди ва улар билан бирга муваффақиятлар шодлигини баҳам кўрди.

«Замин» фондининг кўмаги билан мактабнинг барча ўқувчилари ташхисдан ўтказилиб, уларга эшитишни протезлаш амалиёти бажарилди. Шунингдек, мактаб замонавий ассистив ускуналар билан таъминланди, информатика синфи жиҳозланди, робототехника тўпламлари етказилди. Информатика ўқитувчилари махсус методология асосида ўқитилди.

«Zamin Education» лойиҳаси доирасида «Замин» фонди ва «Digital Generation Uzbekistan» ННМ «Рақамли Авлод Қизлари – 2023» республика инклюзив IT-оромгоҳини ўтказдилар.

Тадбирда 72 нафар қиз иштирок этди. Улар уч кун давомида график ва рақамли дизайн, веб-дастурлаш бўйича билимларини оширдилар ва танлов дастурларида қатнашдилар. Сўнг ўз лойиҳаларини танловга тақдим этдилар.

IT-оромгоҳ иштирокчилари меҳмонларга ўз натижалари ва янги лойиҳалари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Танловнинг «Digital Art» йўналишидаги ғолиблар орасида 46-сон ихтисослаштирилган мактабдан Усмонова Малика ҳам бор эди.

PS: Мирзиёева Зироа́т Махму́довна (1964 йил 4 декабрь куни туғилган, Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР) – жамоат арбоби, муҳандис-иқтисодчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг рафиқаси.

Зироат Мирзиёева 1964 йил 4 декабрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. 1986 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини (ҳозирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети) муҳандис-иқтисодчи ихтисослиги бўйича тамомлаган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади. Икки нафар қизи ва бир нафар ўғли бор. Мумтоз ва миллий мусиқани хуш кўради, тарих билан қизиқади.

2020 йилдан буён Ўзбекистонда очиқ ва инклюзив муҳитни яратиш орқали аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш масалалари бўйича қатор хайрия лойиҳаларини амалга ошираётган “Zamin” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раисидир.

Фонд фаолиятининг устувор йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан иборат. Кўкаламзорлаштириш, ҳаво сифати мониторингини автоматлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшлар орасида экологик таълимни ривожлантириш, олис ҳудудларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Ижтимоий ва экологик соҳалардаги долзарб масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида ҳам миллий, ҳам халқаро даражада қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Мавзуга оид