Спорт | 14:39 / 08.04.2023
26951
15 дақиқада ўқилади

Англияда чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи тўқнашув, А Серия ва Бундеслигада ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty images

Еврокубокларнинг муҳим палласи олдидан бўлиб ўтадиган навбатдаги тур ўйинларида ҳам бир қатор қизиқарли баҳслар ўрин олган. Англияда «Ливерпуль» чемпионлик пойгасида қатнашмаётган бўлса-да, унга таъсир қилишга уриниб кўради. Германияда эса иккинчилар баҳси бизни кутиб турган бўлса, Италияда «Ювентус» топ-4га яқинлашишга уриниб кўради. «Интер»нинг кечаги дурангидан сўнг, энди туринликларни ЕЧЛ йўлланмаси ўринларидан 4 очколик фарқ ажратиб турибди, холос.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЭВЕРТОН (8 апрель, 16:30)

Худди ўтган ҳафтадаги каби, бу сафар ҳам Англияда тур шимолий-ғарбий дерби билан бошланади. Сўнгги йиллар натижаси эътибори билан олсак, энди Ливерпуль ва Манчестернинг «иккинчи» жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Албатта, турнир нуқтайи назаридан ҳам муҳим тўқнашув: мезбонлар имкон қадар кучли тўртликдаги ўринни мустаҳкамлашга уринса, «Эвертон» яна 8 жамоа билан бирга лигада жон сақлаш учун курашмоқда. «Кўклар» 18-ўриндаги жамоадан фақат тўплар нисбати бўйича олдинда турибди, холос.

«Юнайтед» АПЛ даги қаторасига 3 голсиз ўйиндан сўнг, анча таҳликали ҳолатга тушиб қолганди ва ҳатто вақтинча бўлса-да, кучли тўртликни тарк этди ҳам. Аммо қолдирилган ўйинда «Брентфорд» устидан қозонилган ғалаба ва қизиғи, айнан «Эвертон»нинг ёрдами билан 4-ўринга қайтди. «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда «Эвертон» сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолди ва ҳисобни тенглаштирувчи голни «МЮ» тарбияланувчиси Майкл Кин урди.

Ҳар икки жамоада ҳам йўқотишлар кўп. Каземиро «Саутҳэмптон» билан ўйиндаги қизил карточкаси учун тўртинчи ўйинини ўтказиб юбормоқда. Жазо муддатини ўтайдиган футболчи меҳмонлар сафида ҳам бор – Абдулай Дукуре. У юқорида тилга олинган «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда майдондан четлатилганди. Жароҳат туфайли, Тансенд ва Винагре ҳам «Олд Траффорд»да туша олмайди. Доминик Калверт-Левин машғулотларга қайтган бўлса-да, ушбу учрашувда шерикларига ёрдам бериши сўроқ остида. «Юнайтед» учун қувонарли хабар шуки, Кристиан Эриксен қайтди ва тен Ҳагнинг айтишича, у майдонга тушишга тайёр. Мураббий шунингдек, Люк Шоу кичик жароҳат туфайли ўйнай олмаслигини маълум қилди. Гарначо ва Донни ван де Бек каби футболчилар эса узоқ муддатга сафдан чиқишган.

Рақиблар шу мавсумнинг ўзида икки марта куч синашиб улгурган. Ливерпулда ўтган АПЛ баҳсида меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдилар ва ўша ўйиндаги Криштиану Роналдунинг голи унинг АПЛдаги сўнггиси ўлароқ тарихга кирди. Январда эса Англия кубоги баҳсида «Олд Траффорд»да ўйин бўлган ва мезбонлар 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришган. Аммо агар фақат АПЛ доирасидаги ўйинларга тўхталсак, «Олд Траффорд»да «Эвертон» ўзини яхши ҳис қилади – охирги уч ўйин дуранг билан якунланган.

ТОТТЕНҲЭМ – БРАЙТОН (8 апрель, 19:00)

«Брайтон»нинг гўёки «Ньюкасл» ёки сўнгги ойлардаги «Астон Вилла»ларнинг соясида юрганига чалғиманг, агар ўйин сифати, яратилаётган вазиятлар ва яна бир қатор кўрсаткичларга қаралса, «Брайтон» АПЛда кучли учликда юрибди. Де Дзерби шогирдлари гол уриш борасида фақат «Арсенал» ва «Сити»дан орқада («Тоттенҳэм»да ҳам кўпроқ, аммо лондонликлар 2 ўйин кўп ўтказган), тўп назорати бўйича ҳам, яратилган вазиятлар бўйича ҳам жамоа фақат икки пешқадамдан ортда бормоқда холос. Аниқ паслар бўйича фақат «Манчестер Сити»дан кейин, рақиб дарвозасига берилган аниқ зарбалар сони бўйича эса, умуман АПЛда энг яхши кўрсаткич айнан «Брайтон»да.

Аслида бу янгилик бўлмаслиги керак, зеро эскитдан «Брайтонча XG» деган ҳазиломуз атама бор. Бу билан журналистлар доим жуда кўп хавфли вазият яратиб, лекин очко тўплашда муаммоли бўлган «Брайтон»нинг устидан кулишарди. Аммо бу ҳолат, яъни ўйин сифатининг турнир жадвалидаги ўрин билан мос келмаслигини кўпроқ Грем Поттер билан боғлашарди. Йўқ, жамоа Де Дзерби бошқарувида нафақат пасайди, балки кучайди ҳам. Ёзда Куккурелья, Биссума, Моуп, январда эса Троссар каби етакчиларсиз қолиб ҳам «Брайтон» ўша даражани ушлаб турибди ва ҳатто барқарор равишда очко тўплашни бошлади. Жамоа йўқотилган очколар бўйича «Тоттенҳэм»дан яхшироқ, кучли тўртликдан эса атиги 4 очко ортда бормоқда холос. Агар «Тоттенҳэм»ни Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун даъвогар деб қарасак, нега «Брайтон»ни эътибордан четда қолдиришимиз керак? Шунингдек, жамоа Англия кубоги яримфиналига чиққанини ҳам унутмаслик керак.

«Тоттенҳэм»да эса бироз ачинарли ҳолат. Жамоа сўнгги икки учрашувда ғалабани ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтларда бой берди. «Саутҳэмптон» ва «Эвертон» майдонида йўқотилган 4 очко бемалол лондонликларни ЕЧЛ учун курашда фаворитлар қаторига қўшарди. Аввалроқ, «Вулверҳэмптон»даги ўйинда ҳам ўйин охирларида гол ўтказиб юбориб, мағлубият аламини тотиб кўришганди. Лондонликлар мана шу ойнинг ўзида барча рақобатчилари билан ўзаро ўйинда майдонга тушади. «Брайтон»дан кейин «Ньюкасл» билан сафарда, кейин «МЮ» билан ўз майдонида, апрелнинг охирги кунида эса «Энфилд» сафари. Мана шу 4 учрашув «Тоттенҳэм»нинг нафақат шу мавсум, балки йиллар учун ҳам тақдирини белгилаб берса ажаб эмас. Чунки муваффақиятсизлик Ҳарри Кейннинг жамоани тарк этиши билан тугаши мумкин.

Ушбу ўйинда мезбонлар сафида дисквалификацияга учраган Лукас Моурадан ташқари, Ришарлисон ҳам қатнаша олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Қанот ҳимоячилари Дэвис ва Эмерсон ой охирларида сафга қайтишади. Биссума ва Сессеньон ҳам тикланиб улгуришгани йўқ. Родриго Бентанкур узоқ муддатга сафдан чиққан. Меҳмонларда Тарик Лэмпти ва Адам Лалланаларда жароҳат бор.

Биринчи даврадаги ўйинда «Тоттенҳэм» сафарда минимал ҳисобда ғалаба қозонганди. Аммо ўтган мавсумда Лондонда бўлиб ўтган учрашувда «Брайтон» 1:0 ҳисобида ғалабани илиб кетган.

ЛАЦИО – ЮВЕНТУС (8 апрель, 23:45)

Агар жазо туфайли 15 очко «Ювентус»дан олиб қўйилмаганда ҳозир жамоа 2-ўринда мустаҳкам жойлашиб олган ва ҳатто «Наполи»ни енгил таъқиб қилаётган бўларди. Шундай бўлса-да, туринликлар барчасига қўл силтамагани ва ЕЧЛ ўринлари учун курашни давом эттираётгани таҳсинга сазовор. Ҳозирда «Ювентус» топ-4 дан 6 очкога ортда бормоқда холос. Бунинг устига, ЕЧЛга чиқиш учун «Ювентус»да қўшимча йўлак ҳам пайдо бўлди – жамоа Европа лигаси чоракфиналида иштирок этмоқда. Маълумки, ушбу турнир ғолиби ҳам тўғридан-тўғри ЕЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олади.

«Лацио» эса Конференциялар лигасидан чиқиб кетди ва бор эътиборини А Серияга қаратган. Римликлар 1999 йилдан буён илк маротаба чемпионат кумуш медалини қўлга киритишлари мумкин. Жамоанинг кейинги сафар ўйинлари «Интер» ва «Милан»га қарши кечишини ҳам ҳисобга олсак, Сарри шогирдлари уй учрашувларида барқарорликни сақлаб қолишлари шарт. Дарвоқе, албатта, Сарри учун ҳам муҳим ўйин, ахир бир пайтлар у «Ювентус»ни бошқарган ва ҳатто чемпионликка эришган бўлса-да, истеъфога чиқариб юборилганди. Ўша чемпионлик «Ювентус» учун ҳамон охиргиси бўлиб турибди.

Таркибларга келсак, «Лацио»да йўқотишлар йўқ, «Ювентус» сафида эса биратўла икки футболчида дисквалификация бор. Мойзе Кин ўтган тур учрашувида навбатдаги сариқ карточкасини олган бўлса, Куадрадо «Интер»га қарши кубок ўйинининг сўнгги дақиқаларида майдондан четлатилганди.

Ўзаро ўйинларга келсак, «Лацио» 7 ўйиндан бери рақиби устидан ғалаба қозона олмай келяпти. Охирги марта римликлар 2019 йилнинг декабрида, Суперкубок учун финал баҳсида ютган эди. Умуман олганда ҳам «Ювентус»нинг устунлиги катта – охирги 35 учрашувнинг атиги 5 тасида «Лацио» устун келган холос. Биринчи даврада Туринда бўлиб ўтган тўқнашувда эса, Глейсон Бремернинг голи эвазига мезбонлар 1:0 ҳисобида муваффақиятга эришганди.

БОРУССИЯ Д – УНИОН БЕРЛИН (9 апрель, 18:30)

«Бавария» одатдагидек, яъни биринчи ўринга кўтарилиб олди, аммо «Боруссия» ва «Унион» мюнхенликларни фарқни катталашишига йўл қўймасликлари керак. Биринчидан, «Бавария» Бундеслигадан ташқари ЕЧЛда ҳам иштирок этмоқда ва келаси ҳафтадаёқ «Манчестер Сити» кутиб турибди. Иккинчидан, шу турнинг ўзида «Бавария» сафарда қийин ўйин ўтказади – тўртинчи ўринда бораётган «Фрайбург» меҳмони бўлади. Бемалол айтиш мумкинки, Дортмунддаги учрашув ғолиби чемпионлик курашида «Бавария»нинг асосий таъқибчисига айланади ва ҳатто агар мезбонлар шу турнинг ўзидаёқ пешқадамликни қайтиб олишлари мумкин.Кейинги тақвим Дортмунд жамоаси учун анча енгил экани, бошқа турнирлар йўқлигидан келиб чиқсак, Бундеслигадаги интрига ҳали давом этади.

Жамоалар ўртасидаги биринчи давра учрашуви 2:0 ҳисобида «Юнион» фойдасига ҳал бўлган. Аммо анъанавий равишда Дортмунддаги ўйинларда мезбонлар ғалаба қозониб келади. Ҳатто уч йил аввалги тўқнашувда 5:0 ҳисоби қайд этилганди. Умуман «Унион» Бундеслигага чиққанидан буён рақиблар 7 маротаба тўқнаш келишган. 4 ўйинда «Боруссия» устун келган бўлса, 3 учрашув шарқликлар фойдасига ҳал бўлган.

Таркибларга эътибор қаратадиган бўлсак, мезбонлар сафида йўқотишлар кўпроқ. Себастян Аллернинг мавсум охиригача сафга қайтиши ҳам сўроқ остида бўлса, Тома Менье ва Жованни Рейналарнинг шерикларига ёрдам бериши шубҳа остида. Ҳимоячи орқасидан жароҳат олган, америкалик яримҳимоячи эса, касалланиб қолгани туфайли ўйинга тайёр бўлмаслиги мумкин. Берлин жамоаси сафида бир неча ой олдин жароҳат олган Андраш Шафер майдонга туша олмайди холос.

ЛИВЕРПУЛЬ – АРСЕНАЛ (9 апрель, 20:30)

«Ливерпуль» мавсумнинг энг оғир палласидан муносиб ўта олмади, аввал «Этиҳад»да мезбонларга йирик ҳисобда бой берган бўлса, ўтган турда «Челси» билан дурангга имзо чекди. Бу йўқотишлар табиийки, ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда Клопп шогирдлари имкониятини пасайтириб юборди. Ҳозирда «Ньюкасл» ва «МЮ» ливерпулликлардан 10 очко олдинда бораётганини, бунинг устига, ўртада яна «Тоттенҳэм» ва «Брайтон» каби жамоалар ҳам борлигини эътиборга олсак, бирданига 3-4 жамоада пасайиш пайдо бўлишини тахмин қилиш анча қийин. Тўғри, икки йил олдин ўхшаш вазиятда «Ливерпуль» қаҳрамонлик кўрсатиб, 3-ўринга кўтарилиб кетганди, аммо ўшанда фақат «Лестер»ни қувиб ўтиш вазифаси бўлган холос. Ҳозир турнир жадвали юқори қисмида жамоалар анча зич ва юқорида айтилганидек, «Ливерпуль» бирданига 4 жамоани қувиб ўтиши шарт бўлиб қолди.

Аммо чемпионлик масаласини ҳал қилишда энг марказий ўйин ҳам мана шу. «Манчестер Сити» мухлислари «Арсенал»нинг очко йўқотиши учун айнан шу учрашувдан умид қилиб турган бўлишлари турган гап. Ҳозирда «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги тоза фарқ 5 очкони ташқил қилмоқда. Агар Артета жамоаси очко йўқотадиган бўлса, фарқ минималлашади ва ой охирида «Этиҳад»да ўзаро учрашув борлигини ҳам унутмаслик керак. Яъни агар «Сити» «Арсенал»га бир ўйин масофасида яқинлашиб олса, ўзаро ўйинни ўз майдонида ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин. Шу туфайли, «Арсенал» учун ниҳоятда муҳим тўқнашув кутиб турибди. Албатта, Клопп охиригача курашади, айниқса, ўз мухлислари қаршисида имкон қадар ижобий ҳиссиётлар тақдим этишга уриниб кўради. «Энфилд»ни ушбу мавсумда «Манчестер Сити» ҳам, «Юнайтед» ҳам, «Ньюкасл» ҳам очко ололмай тарк этганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Биринчи даврадаги ўйинда «Арсенал» 3:2 ҳисобида устун келганди. Бу ютуқ қаторасига 8 ғалабасиз ўйиндан сўнг, «Арсенал» учун биринчиси эди ва бу устунликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш керак. Умуман сўнгги йилларда ўзаро ўйинларда «Ливерпуль»нинг устунлиги яққол кузатилган. Ҳозир эсланган ғалаба лондонликлар учун охирги 20 учрашувдаги атиги иккинчиси эди холос.

Жароҳатланганлар ва майдонга туша олмайдиганлар ҳар икки томонда ҳам бор, лекин бемалол айтиш мумкинки, ҳар икки жамоа оптималга анча яқин таркибда саф тортадилар. Кейта, Алькантара, Байжетич «Ливерпуль»да, Нкетиа, Томиясу ва Эл-Ненни «Арсенал»да муҳим позицияга эга бўлган футболчилар эмас. Фақатгина Вильям Салибанинг йўқлиги меҳмонларда билиниши мумкин, лекин ҳозирча Роб Ҳолдинг ҳимоя марказида унинг ўрнини боса оляпти.

БОШҚА УЧРАШУВЛАР

8 апрель (шанба)

Фрайбург – БАВАРИЯ (18:30), Брентфорд – НЬЮКАСЛ (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Брайтон (19:00), Вулверҳэмптон – ЧЕЛСИ (19:00), АТАЛАНТА – Болонья (19:30), Саутҳэмптон – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21:30), Торино – РОМА (21:30), РЕАЛ – Вильяреал (23:55), Ницца – ПСЖ (23:55)

9 апрель (якшанба)

Райо Вальекано – АТЛЕТИКО (23:55),

10 апрель (душанба)

БАРСЕЛОНА – Жирона (23:55).

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид