NYT: АҚШнинг янги махфий ҳужжатлари интернетга «сиздирилди»
Ижтимоий тармоқларда Пентагоннинг янги махфий ҳужжатлари пайдо бўлди - улар Украина, Яқин Шарқ ва Хитойга тегишли.
7 апрель, жума куни The New York Times (NYT) газетасининг ёзишича, интернетда Америка хавфсизлик хизматлари ва ҳарбий департаментлари иши натижаларини акс эттирувчи, «сиздирилган» янги махфий ҳужжатлар тўплами пайдо бўла бошлади. Ҳужжатларда турли махфий маълумотлар, жумладан, Украина, Яқин Шарқ, Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва Хитой бўйича брифинглар, шунингдек, терроризмга қарши кураш бўйича расмий фойдаланиш учун мўлжалланган ҳисоботлар мавжуд.
Нашр таянган номи ошкор этилмаган расмийларга кўра, янги партияда юзга яқин ҳужжат чоп этилган. NYT суҳбатдоши бу воқеани Австралия, Канада, Янги Зеландия, Буюк Британия ва АҚШни ўз ичига олган FVEY разведка альянси учун «қўрқинчли туш» деб атади.
Аввалроқ интернетда Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ бир қатор АҚШ махфий ҳужжатлари эълон қилинган эди - улар орасида кучларни мослаштириш, Киевга қурол-яроғ етказиб бериш, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятини баҳолаш ва Украина Қуролли кучларининг баҳорги қарши ҳужуми тафсилотлари ҳақида маълумот. Шу билан бирга, эълон қилинган ҳужжатлар 1 мартдан кечиктирилмаган саналар билан белгиланган, бу уларнинг аҳамиятсизлигини кўрсатиши мумкин.
АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари аввал чоп этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди, бироқ идора «бу ҳисоботларни ўрганаётгани» ҳақида расмий баёнот тарқатди.