Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида яшовчи талаба қизлар хонасига яширин камера ўрнатилганини сезиб қолишади. Бу иш фош бўлиб, тармоқларда шов-шув кўтарилгач проректор ишдан кетди. Аммо бу иш нима мақсадда қилингани ва нима сабабдан хонада яшовчи қизлардан яширилгани мавҳумлигича қолмоқда. Kun.uz мухбири институтда бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

Маълум бўлишича, Kun.uz’да эълон қилинган мақоладан кейин Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳамда масъул идора ходимлари талабалар билан суҳбат ўтказишиб, ҳолат синчковлик билан ўрганилишига ваъда берилган.

Фото: Kun.uz

Қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди? ҚДПИ берган баёнотда ректорнинг буйруғи асосида талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш учун махсус хона ташкил қилинаётгани ва шу муносабат билан камера ўрнатилгани маълум қилинди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Талаба қизларнинг фикрича, бу баёнот шов-шувли мақола ортидан мушкул вазиятдан чиқиб кетиш учун институт маъмурияти томонидан тезкорлик билан ўйлаб топилган “чорадан” бошқа нарса эмас.

Хонасига яширин камера ўрнатилган талабанинг таъкидлашича, масъулларнинг ҳаракати бошиданоқ шубҳа уйғотган. Камера ўрнатилиш жараёнида талаба қизлар хонадан ташқарига чиқиб туришлари сўралган. Ўрнатилган ускуна яширин камера экани фош бўлгач ётоқхонанинг 1-қаватидаги проректор Ойбек Бозоров хонасидаги барча жиҳоз ва керакли маълумотлар шубҳали тарзда номаълум томонга тезкорлик билан олиб чиқиб кетилган.

Фото: Kun.uz