«Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга кўра, 2023-2026 йилларда республика ҳудудида фаолият юритаётган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлаш давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор иштирокида босқичма-босқич жорий этилади. 

Биринчи босқичда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 5722 та давлат ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти тизими хусусий сектор иштирокида модернизация қилинади ва бошқариш тизими жорий қилинади. 

2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида ҳамда бошқа вилоятларда иситиш тизими давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинади. 

Модернизация қилиш ишларини ташкиллаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилади. 

Унинг асосий вазифалари қуйидагилар бўлади:

  • давлат ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари учун талаб этиладиган кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашиш;
  • ҳар чоракда туман (шаҳар) ҳокимликлари ва жалб қилинган хусусий шериклар томонидан бажарилган ишлар натижадорлигини ўрганиш ва мунтазам мониторинг қилиб бориш;
  • давлат ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилишда юзага келадиган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш;
  • туман (шаҳар) ҳокимликларининг лойиҳалар ижроси юзасидан ахборотларини қабул қилиш ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий материалларни киритиб бориш;
  • мазкур қарорда кўрсатилган топшириқларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини назорат қилиб бориш. 

2023 йил 1 августдан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва лойиҳа концепциялари тасдиқланган туман ва шаҳарлардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари бошланади.

Лойиҳаларни амалга оширишда давлат шериги этиб – туман (шаҳар) ҳокимликлари белгиланади.