Америка разведкаси урушга таъсир қилиши мумкин бўлган 4 та сценарийни кўриб чиқяпти
The New York Times Америка разведкаси томонидан ўрганилаётган уруш ривожининг тўртта сценарийси ҳақида ёзди. Ушбу ҳужжат Пентагоннинг махфий ҳужжатлари сиздирилишидан олинган.
Америка разведкаси урушнинг боришига таъсир қилиши мумкин бўлган 4 та кутилмаган сценарийни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 12 апрель, чоршанба куни The New York Times газетаси Пентагоннинг сизиб чиққан махфий ҳужжатларидан бирига таянган ҳолда маълумот берди.
Биринчи сценарий - Владимир Путиннинг ўлими, иккинчиси - Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ўлими. Учинчи сценарий – Россия армияси раҳбариятининг ўзгариши, тўртинчиси эса «Украинанинг Кремлга зарба бериши» эҳтимолини ўз ичига олади.
Ҳужжатда айтилишича, бу сценарийлар урушнинг боришига сезиларли таъсир кўрсатиши ёки бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундан ташқари, улар урушни тугатадиган тинчлик музокараларига ҳам, кескинлашувга ҳам олиб келиши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Вашингтон энг кўп «Украинанинг Кремлга зарбаси» сценарийсидан хавотирда (ҳужжатда унинг батафсил тавсифи йўқ), чунки бу Россия томонидан кескин эскалацияга, жумладан, тактик ядро қуролидан фойдаланишга олиб келиши мумкин. Бироқ, бу зарба, разведка маълумотларига кўра, Путинни музокаралар зарурлигига ҳам ундаши мумкин.
Ҳужжатда у ёки бу сценарийнинг эҳтимоли қанчалик экани ҳақидаги баҳо мавжуд эмас.
Украина қуролли кучларининг босиб олинган ҳудудларни озод қилиш бўйича қарши ҳужуми ёзгача қолдирилиши мумкин, дея маълум қилганди Украина бош вазири Денис Шмигал.
«Биз дўстларимиз ва ҳамкорларимиз томонидан ҳужум бошланиши вақти бўйича босим сезмаяпмиз, - деди у Американинг The Hill нашрига берган интервьюсида. - Бизнинг барча дўстларимиз ва ҳамкорларимиз ҳужумга ўтиш учун бунга 100 фоиз ва ундан кўпроқ тайёр бўлиш кераклигини тушунишади».
АҚШ разведкаси Украина қўшинлари концентрацияси, ўқ-дорилар ва жиҳозлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар Киевнинг режалаштирилган қарши ҳужуми ҳақидаги тахминларга мос келмайди, деб ҳисоблайди ва афтидан, босиб олинган ҳудудларнинг фақат кичик бир қисмини Россиядан қайтариб олишга имкон беради, деб ёзади The Washington Post газетаси 10 апрель куни интернетдаги манбалар ва махфий ҳужжатларга асосланиб.
Нашр февраль ойига бориб тақаладиган «ўта махфий» ҳужжатларга иқтибос келтирган бўлиб, унда Украина ҳужуми «камтарона ҳудудий ютуқларга» олиб келиши мумкинлиги айтилади. Киев Украина шарқидаги ҳудудларни қайтариб олишни ва Россия армиясини аннексия қилинган Қримдан узиб қўйиш учун жанубда олға силжишни режалаштирмоқда, бироқ «кучли Россия мудофааси, украиналик аскарларнинг етарлича таъминланмагани ва тайёр эмаслиги олдинга силжишни тўхтатиб қўйиши, йўқотишларни кучайтириши мумкин», деб ҳисоблайди АҚШ разведкаси.
Мавзуга оид
23:41 / 25.10.2024
КХДР Россияга иккинчи гуруҳ ҳарбийларини юборишга тайёрланмоқда — Bloomberg
09:30 / 15.10.2024
Германия разведка хизмати раҳбари РФдан келаётган ҳарбий хавфга ишора қилди
20:11 / 01.10.2024
Германияда хитойлик аёл жосусликда гумонланиб қўлга олинди
20:42 / 26.09.2024