Жаҳон | 07:51 / 13.04.2023
5983
3 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Путин Гершковичнинг ҳибсга олинишини шахсан маъқуллаган

The Wall Street Journal мухбири Эван Гершковичнинг ҳибсга олинишини Владимир Путин шахсан маъқуллаган, деб хабар бермоқда Bloomberg манбаларга таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, Россия махсус хизматлари раҳбариятидаги «лочинлар» ташаббус билан чиққан.

Фото: ТАСС

The Wall Street Journal Америка нашри мухбири Эван Гершковичнинг ҳибсга олинишини Владимир Путин шахсан маъқуллаган, деб ёзади Bloomberg 12 апрель, чоршанба куни «вазиятдан хабардор одамлар»га таяниб. Уларга кўра, Гершковични ҳибсга олиш ташаббуси Россия махсус хизматлари юқори раҳбариятидаги «лочинлар» томонидан чиққан.

Агентлик манбалари фикрича, Россия президентининг бу ҳаракатни маъқуллаши «Кремлдаги қаттиқ сиёсат тарафдорларининг Путинга Вашингтон билан қарама-қаршиликни чуқурлаштиришга қаратилган таъсири кучайиб бораётганини» акс эттиради.

Вашингтондаги Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази президенти Алина Полякова фикрича, Гершковичнинг ҳибсга олиниши «нафақат АҚШ, балки бутун Ғарб учун ҳақиқий огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак». «Бу Путиннинг фикрича, барқарор ва ишончли муносабатларга қайтиш йўқлигини кўрсатади», — дея унинг сўзларини келтиради Bloomberg.

АҚШ Давлат департаменти The Wall Street Journal (WSJ) мухбири Эван Гершковичга «Россияда ноқонуний ушлаб турилган» мақомини берди. Бу ҳақда АҚШ ТИВ вакили Веданта Пателнинг 10 апрель куни Давлат департаменти сайтида чоп этилган баёнотида айтилади.

«Журналистика жиноят эмас. Биз Кремлнинг Россияда мустақил овозларни бостиришда давом этаётганини ва ҳақиқатга қарши олиб бораётган урушини қоралаймиз», - дейилади баёнотда. Бундан ташқари, Давлат департаменти Москвани яна бир бор Россия суди томонидан 2020 йил июнь ойида жосуслик учун қаттиқ тартибли колонияга 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Пол Уиланни озод қилишга чақирди.

«Ноқонуний ушлаб турилган» мақоми Вашингтон уни озод қилиш учун қўшимча механизмлардан фойдаланиш имконини беради. Хусусан, у олинганидан сўнг, Америка фуқаросини алмашиш бўйича музокаралар олиб бориш мумкин.

Аввалроқ Россия мустақил ОАВ журналистлари ва жамоат арбоблари Гершковични озод қилишга чақирган очиқ хат эълон қилган эди. Хатни имзолаганлар орасида Сергей Пархоменко, Александр Плюшчев, Жанна Немцова, Михаил Зигар, Галина Тимченко, Тихон Дзядко, Сергей Смирнов, Татяна Фельгенгауэр ва бошқа мустақил оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва журналистлари, шунингдек, жамоат арбоблари бор.

Мавзуга оид