Жаҳон | 08:05 / 13.04.2023
8879
2 дақиқада ўқилади

Gulagu.net асосчиси: украиналик асирни «Вагнер» жангчилари қатл этган

Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкиннинг сўзларига кўра, Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси украиналик ҳарбий асир эканлиги тахмин қилинаётган шахснинг видеотасвирга олинган қатлида иштирок этган. 

Фото: Видеодан кадр

Осечкин, унинг сўзларига кўра, Норвегияга қочиб кетган собиқ «вагнерчи» Андрей Медведев билан боғланган ва у видеода ўз хизматдошларини аниқлаган. 

«У ўша ердаги хизматдошларини, «Вагнер» ХҲК жангчиларини ўзига хос чақирув белгилари, гаплашиш усули, рация орқали мулоқот қилишда овозидан аниқлади», деди Gulagu.net асосчиси «Ходорковский Live» Youtube каналининг эфирида.

Осечкин, шунингдек, видеодаги одамлар ҳақида маълумот учун 3000 евро мукофот таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳа тарихидаги биринчи бундай прецедент бўлиб, ижтимоий тармоқлардаги Gulagu.net обуначилари хайрия орқали тўланадиган ҳақ миқдорини оширмоқчи.

Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») 12 апрель куни интернетда россиялик ҳарбийлар украиналик асир экани айтилаётган шахсни ўлдираётгани акс этган видео эълон қилингани бўйича судгача тергов бошланганини билдирди. «СБУ»нинг аниқлик киритишича, тергов Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси 2-қисми (Уруш олиб бориш қонунлари ва одатларини бузиш) асосида олиб борилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский бутун дунё етакчиларини содир бўлган воқеага реакция билдиришга ва Украинага Россия билан урушда ғалаба қозонишга ёрдам беришга чақирди. 

11 апрель куни ижтимоий тармоқларда гўёки рус аскарлари украиналик аскарни шафқатсизларча ўлдиргани тасвирланган видео пайдо бўлди. Видео Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватловчи Россия Telegram-каналларида ва Украина ижтимоий тармоқларида тарқалди. 

Мавзуга оид