Жаҳон | 08:22 / 14.04.2023
6377
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Украина расмийлари махфий ҳужжатлар сизиб чиққанидан безовта

Омма олдида Украина расмийлари сизиб чиққан маълумотлар аҳамиятини пасайтирмоқда, аммо ёпиқ эшиклар ортида ишончсизлик кучайиб бораётгани аломатлари бор, дея ёзади Politico.

Фото: AP

Украина расмийлари АҚШ разведка хизматларининг махфий ҳужжатлари ошкор этилишидан норози. Улар Украина Қуролли кучлари ҳолатига берилган баҳо ёки қурол-яроғ йўқлиги ҳақидаги маълумотлардан эмас, балки Киевнинг кутилаётган қарши ҳужум пайтида муҳим ҳудудларни қайтариш имконияти ҳақидаги пессимизмдан норози. Бу ҳақда 13 апрель, пайшанба куни Politico хабар берди.

Унга кўра, Украина расмийлари очиқчасига маълумотларнинг аҳамиятини камайтириб, улар Киев ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмаслигини айтишмоқда. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 11 апрель куни давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали суҳбатдан сўнг Twitter саҳифасида: «АҚШ ташқи ишлар вазири АҚШнинг қаттиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ва Украинанинг жанг майдонида ғалаба қозонишига шубҳа уйғотадиган ҳар қандай уринишларни қатъиян рад этди», деб маълум қилди.

Шу билан бирга, ёпиқ эшиклар ортида ишончсизлик кучайиб бораётгани аломатлари ҳам бор, дея қўшимча қилади нашр. Украинанинг икки юқори мартабали мулозимига кўра, ҳужжатлар Пентагоннинг юқори бўғини ва Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашидаги скептикларнинг қарашларини акс эттиради.

Америка разведкаси урушнинг боришига таъсир қилиши мумкин бўлган 4 та кутилмаган сценарийни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 12 апрель куни The New York Times газетаси Пентагоннинг сизиб чиққан махфий ҳужжатларидан бирига таянган ҳолда маълумот берди.

Биринчи сценарий - Владимир Путиннинг ўлими, иккинчиси - Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ўлими. Учинчи сценарий – Россия армияси раҳбариятининг ўзгариши, тўртинчиси эса «Украинанинг Кремлга зарба бериши» эҳтимолини ўз ичига олади.

Ҳужжатда айтилишича, бу сценарийлар урушнинг боришига сезиларли таъсир кўрсатиши ёки бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундан ташқари, улар урушни тугатадиган тинчлик музокараларига ҳам, кескинлашувга ҳам олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид