Жаҳон | 01:17 / 18.04.2023
14698
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда Хитой полициясининг махфий қароргоҳи топилди

АҚШ Адлия вазирлиги Нью-Йоркда Хитойнинг махфий полиция бошқармасини топди, икки нафар ходим ҳибсга олинди.

Фото: AP

Қўшма Штатлар расмийлари Нью-Йоркда Хитой полициясининг махфий идорасини топди ва унинг икки ходимини ҳибсга олди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигига таяниб ABC News хабар берди.

Маълум бўлишича, вазирлик вакили гумонланувчиларни Хитой ҳужжатларини расмийлаштириш ва бошқа «давлат хизматлари» кўрсатишда, шуниндек, диссидентларни таъқиб қилишда айбламоқда.

Гумонланувчилар «Хитой миллий полицияси номидан» Манҳэттеннинг Чайнатаун туманида бўлим ташкил этиш учун «ҳамкорликда ишлаган», деди у.

Бўлим 2022 йил февраль ойидан бери ишлаган ва унинг ходимлари Нью-Йорк аҳолиси бўлган. Вакилнинг таъкидлашича, америкаликларга «буюк шаҳарда махфий полиция бўлимлари керак эмас».

Нью-Йоркнинг Шарқий округи адвокати Бреон Пис сўзларига кўра, Хитой полициясининг 34 нафар ходимига айблов эълон қилинган. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 44 киши айбланмоқда.

Хитой узоқ вақтдан бери бошқа мамлакатларда «полиция бўлимлари»ни ташкил қилмоқда. Унинг ходимлари асосан қувғинда яшаётган диссидентларни таъқиб қилиш билан шуғулланади.

Европада бундай «полиция бўлимлари»нинг кенг тармоғи мавжуд. Ноябрь ойида Нидерландия ҳукумати расмий Пекиндан бундай муассасаларни ёпишни талаб қилган эди.

Мавзуга оид