“Энди болаларга зўравонлик қилган шахслар келажакда болалар муассасаларида ишламайди” – профессор Барногул Санақулова
12 апрелдан кучга кирган аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунга кўра, энди болаларга зўравонликда айбланган ва судланган шахслар келгусида болалар билан боғлиқ жойларда ишлашига йўл қўйилмайди.
Иқтисодчи Барногул Санақулова “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан энди болаларни 3 ойдан ортиқ қаровсиз қолдириб кетган ота-оналар жазоланишини айтди. Дахлдор ташкилотлар: МФЙ, нозир, мактаб, боғча, Хотин-қизлар қўмитаси вакили кабилар бундай вазият ҳақида хабар бермаса, улар ҳам жавобгарликка тортилади. Яъни энди ота-она боласини 3 ойдан кўп муддатга қолдириб кетадиган бўлса болага васий тайинланиши мажбурий ва шарт. Аввал бу муддат 6 ой эди.
Санақулованинг таъкидлашича, мазкур масалада Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқиладиган низомга кўп нарса боғлиқ.
Яна бир янгилик шуки, болаларга нисбатан зўравонлик содир этганликда айбланган, судланган кишилар келажакда болалар билан боғлиқ бўлган жойларда ишлаши тақиқланади. Хусусий ёки давлат ташкилоти эканлиги фарқсиз. Лекин 3 ой ичида Вазирлар Маҳкамаси бу бўйича низомни қабул қилиши керак ҳали. Яъни ҳуқуқлардан маҳрум қилиш қай тартибда бўлиши белгиланиши лозим, ҳали ёпиқ лойиҳа ҳақида гапиряпмиз. Агар тезроқ низом қабул қилинмаса, вақт чўзилса, бу модда ҳам ишламайди. Агар педофил ўз локациясини ўзгартирса, унинг изи йўқолади. Тошкентда ишлаган, судланган педофил одам, дейлик, эртага Бухорода бемалол яна болалар билан боғлиқ муассасаларда ишлаб юриши мумкин. Шунинг учун ҳам амалиётга тезроқ жорий қилиниши муҳим ҳозир.
Лекин муаммо бўлиши мумкин. Давлат ташкилотлари расмий равишда, тегишли текширувлардан ўтказиб ишга олиш имкониятига эга. Бироқ хусусий секторларга расмий тарзда ишга олмай ишлатиб юриши ҳам мумкин. Биз назорат қилолмаймиз буни. Дейлик, бирор сузиш тўгарагида 6 та мураббий бўлса, 3-4 таси расмий ишламаслиги мумкин. Ва ўшалар ичида педофил бўлса, назоратга ололмаймиз. Болаларни топшириб қўйган бўламиз педофил қўлига. Шунинг учун ҳам Вазирлар Маҳкамаси ишлаб чиқадиган низомга кўп нарса боғлиқ бўлади. Шундай механизм бўлиши керакки, ҳар қандай ҳолатда педофилни аниқлаш имкони бўлиши лозим.
Маълумот ўрнида, айни пайтда Ўзбекистон қонунчилигида педофил тушунчаси киритилмаган. Шу сабабдан болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахс деб номланади.
Мавзуга оид
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
09:30 / 23.10.2024
Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:57 / 12.10.2024
Аёллар учун хавфсиз бошпана – реабилитация марказлари қандай ишлайди?
14:21 / 02.10.2024